Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Россия Федерацияси Бош ҳарбий прокурори Валерий Петров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида меҳмонларга прокуратура фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий ўзгаришлари ҳақида маълумот берилди.
Томонлар ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, аввало, экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш юзасидан фикр алмашди.
Идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон томони Россия делегациясининг ташрифини икки давлат прокуратуралари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда муҳим воқеа, деб билади.
Ўз навбатида, жаноб Петров меҳмондўстлик ва самимий қабул учун Ўзбекистон Бош прокурори Н.Йўлдошевга самимий миннатдорлик билдирди ва Россия Федерацияси Бош ҳарбий прокуратурасининг асосий фаолияти билан таништирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли идоралараро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Хусусан, жиноятчиликнинг олдини олиш ва бартараф этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш ҳамда прокуратура кадрларини тизимли ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш соҳаларида тажриба алмашиш орқали ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилди.
Манба: ЎзА