Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Ёш тадбиркорлар” II республика форуми бошланди.
Форум доирасида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида имтиёзли кредит олиб тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган 100 га яқин ёш тадбиркор, шунингдек, Хитойнинг 40 та етакчи компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ускуналар ва маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазма ёш тадбиркорларга ҳамкорлар ва харидорлар билан музокаралар олиб бориш, битим ва шартнома имзолаш ҳамда манфаатли келишувларга эришиш майдони бўлди.
Таъкидланишича, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида жорий йил бошидан ёшларнинг 1 минг 991 бизнес лойиҳасига жами 458,3 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
Республика бўйича 10 “Yosh tadbirkorlar” коворкинг маркази ҳамда 54 “Yoshlar mehnat guzari” комплекси қурилиб фойдаланишга топширилди. Уларда жами 573 янги иш ўрни яратилишига эришилди.
Мазкур комплексларда 51 савдо дўкони, 49 тикув цехи, 43 аёллар ва эркаклар салони, 26 новвойхона ва қандолат цехи, 29 автосервис, 16 умумий овқатланиш шохобчаси, 14 ҳунармандлик устахонаси, 10 ўқув маркази, 6 тадан “Book cafe”, китоб дўкони, телефон тузатиш устахонаси, компьютер хизмати, фотостудия, дорихона ва бошқалар ташкил этилди.
Давлат дастури доирасида ёшларнинг умумий қиймати 15,3 миллиард сўмлик лойиҳаларига “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси кафиллиги асосида улар тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун амалий ёрдам берилди. Шунингдек, давлат дастури доирасида имтиёзли кредит ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорларнинг 750 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлари чет элга экспорт қилинди.
Кўргазма озиқ-овқат ва қадоқлаш, қурилиш материаллари, кийим-кечак, пойабзал, металл тармоқларни сотиш каби кўплаб соҳаларга бўлинди.
– Ўтган йили жамғармадан 1 миллиард 200 минг сўм 7 фоизли имтиёзли кредит олиб қандолат цехини ишга туширдик, – деди “Aziya art” МЧЖ раҳбари Шоҳрух Мансуров. – Унда 30 га яқин хотин-қиз иш билан таъминланди. Бугунги кунда ўттиздан ортиқ турдаги маҳсулотларни аҳолига етказиб бераяпмиз. Фаолиятимизни янада кенгайтириш бўйича амалий ишларни ҳам бошлаб юборганмиз.
Жамғарма Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган йигит-қизларнинг билимини ошириш мақсадида “Тадбиркорлик сирлари”, “Бизнес режа тузиш”, “Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш”, “Кредит ва солиқ сиёсати” каби мавзуларда бизнес семинарлар ташкил этилиб, 50 минг нафарга яқин ёш йигит-қизнинг малакаси оширилди.
Ёшларни нафақат лойиҳаларини молиялаштириш, балки улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бозорини топишга кўмаклашиш “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг асосий фаолият йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади.
– Биз фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг Қувасой шаҳар бўлимидан 150 миллион сўм 7 фоизли имтиёзли кредит олган эдик, – деди “Munis fayzli mebellari” МЧЖ раҳбари Раҳмонали Маҳкамов. – Шундан сўнг 11 ёшни ишга олдик, ишчилар сони эса жами 50 нафарга етди. Бугунги кунда элликдан ортиқ турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқараяпмиз. Форумда ўтган йили ошхона мебеллари билан қатнашган эдик. Бу сафар офис ва ётоқхона мебеллари билан иштирок этаяпмиз. Кўргазмалар доирасида харидорлар сони ҳам кўпаймоқда.
Форум давомида муваффақиятга эришган тажрибали тадбиркорлар, бизнес тренерлар ва экспертларнинг семинар ва маҳорат дарслари ташкил этилиши режалаштирилган.
Форум 14 ноябрга қадар давом этади.
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА
Манба: ЎзА