Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ҳақида
2019-11-12 | Сайлов
2019 йилнинг 12 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, сиёсий партиялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Мажлис кун тартибида Тошкент шаҳрида сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида Тошкент шаҳар ҳокими ва Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раисининг ахбороти, сайлов участкаларининг алоқа воситалари билан таъминланганлиги, СЖБАТ ва СЯЭРни шакллантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ахбороти тингланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар, депутатликка номзодларниинг сайловолди ташвиқоти, Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиш натижалари муҳокама қилинди. Йиғилиш доирасида Халқаро матбуот маркази Бухоро вилояти бўлими вакиллари сайлов жараёнига кўрилаётган тайёргарлик юзасидан ахборот бериб ўтди.
Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатини сайловини ўтказиш бўйича 12 та сайлов округлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати сайловини ўтказиш бўйича 60 та, туманлар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича 327 та сайлов округлари тузилган. Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик идораларида тузилган 53 та сайлов участкалари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сайловини ўтказиш бўйича тузилган 12 та сайлов округларига бириктирилган.
Ўрганишлар давомида ушбу округ сайлов комиссиялари биноларида ҳанузгача интернет алоқаси ишламаслиги, участка сайлов комиссиялари учун ажратилган 46 та бинода таьмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги, улар учун алоҳида бино ажратиш зарурлиги, комиссия аьзолари сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими бўйича ўқув машғулотларида иштирок этмаганлиги ҳолатлари аниқланган. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳридаги барча сайлов участкаларида сайловчилар сонини аниқлаштириш учун қайтадан Хатлов ишлари олиб борилмоқда.
Бугунга қадар Сергели, Учтепа ва Яшнобод туманидан ташқари қолган халқ депутатлари туманлар Кенгашларининг сессиялари қарорлари ҳанузгача Олий Мажлис Қонунчилдик палатасига сайлов ўтказиш бўйича тузилган округ сайлов комиссияларига тўла тақдим этилмаган.
Юқоридаги барча ҳолатлар сайлов комиссиялари учун етарли шароитлар яратиш, участка сайлов комиссиялари фаолиятини йўлга қўйиш, сайловчиларнинг рўйхатларини тузиш ва сайловчилар Ягона электрон рўйхатини шакллантиришда кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни қисқа вақтларда амалга оширишни тақозо этади.
Таъкидлаш жоиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Ўзбекистонда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизими шакллантирилмоқда. Бу жараёнлар якуний босқичда турибди. Марказий сайлов комиссияси мамлакатнинг бутун ҳудудида Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий қилиш ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш бўйича фаолиятга умумий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга оширмоқда. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳудудларда тизимнинг самарали ишлашини таъминлашга ягона технологик ёндашувни таъминлайди.
СЯЭР асосида Сайлов жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими (СЖБАТ) шакллантирилди. У ўз ичига бир қатор вазифаларни олади, жумладан фуқароларни сайлов участка комиссияларига тақсимлаш, сайловчини ўзи яшаб турган жойга алоқадор участка ҳақида маълумот олиш ҳамда округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини осонлаштириш имкониятини беради.
Сайлов куни овоз бериш учун келган юртдошларимиз СЖБАТ операторларига мурожаат қилади ва сайлов бюллетенини олиб, овоз бериш кабинасида ўз номзодини қўллаб-қувватлайди. Натижада бир вақтнинг ўзида, сайловда иштирок этганларнинг тўлиқ рўйхати автоматик тарзда шакллантирилади. Бу бир шахснинг бир неча маротаба овоз бериши ёки бир кишининг бутун оила аъзолари учун овоз беришининг олдини олиш имконини беради.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар, депутатликка номзодларниинг сайловолди ташвиқоти масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир. Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди. Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
Мажлисда шунингдек, Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиш натижалари ҳам эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 40 ва 72 моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига 2019 йил 7-ноябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси, 8-ноябрь куни Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси, 9-ноябрь куни Ўзбекистон Адолат СДП ва Ўзбекистон Либерал демократик партияси мурожаат қилдилар ва уларнинг ҳар бири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олиш учун Ўзбекистон Республикаси бўйича ташкил этилган 150 та Қонунчилик палатасининг депутатлигига сайлов ўтказувчи сайлов округлари кесимида 150 нафардан депутатликка номзодларнинг ҳужжатларини тақдим этди.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талабларига мувофиқлигини 2019 йил 7-11 ноябрь кунлари текшириб чиқди. Текшириш натижаларига кўра номзодларнинг ҳужжатларини расмийлаштиришда айрим Сайлов кодекси нормаларига тўғри келмайдиган ёки номувофиқликлар аниқланди.
Сиёсий партиялар номзодларнинг ҳужжатларида аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатишга ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақли. Агарда кўрсатилган муддатда тузатилган ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилмаса, ушбу номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олинмайди.
Халқаро матбуот маркази Бухоро вилояти бўлимининг сайлов жараёнига тайёргарлиги ҳақидаги ахбороти тингланди. Қайд этилганидек, Бухоро вилояти ҳудудида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 9 та сайлов округи, Халқ депутатлари вилоят ҳамда маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказувчи 14 та сайлов комиссияси, вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 364 та сайлов округларини тузилган. Уларнинг сайлов участкалари кесимидаги дислокацияси, округ ва 591 та участка сайлов комиссиялари таркиби ОАВда эълон қилинган.
Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги Халқаро Матбуот маркази Бухоро вилояти бўлимида 10 нафардан иборат таркибда тузилган бўлиб, уларнинг 4 нафари доимий асосда фаолият юритмоқда.
Бўлим томонидан сайловларни кенг ёритиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида телевидение орқали 52 та, босма оммавий ахборот воситаларида 113 та, интернет сайтлар ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги канал ва блогларда 260 дан ортиқ материаллар тайёрланган.
Бўлим томонидан ўтган давр мобайнида журналистлар учун 12 та матбуот анжумани, 4 та семинар ҳамда округ сайлов комиссиялари фаолияти ва сайлов участкалари жиҳозланиши бўйича пресс-тур ташкил этилди. 2019 йил 10 ноябрь ҳолатида вилоятдаги 30 нафар журналист аккредитациядан ўтказилган.
Марказий сайлов комиссияси мажлисидан сўнг ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда шу бугунга қадар МСКдан аккредитациядан ўтган журналистлар иштирок этди. Журналистларга МСК Раисининг ўринбосари М.Истамов – Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасида МСК томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди ва уларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Манба: Марказий сайлов комиссияси