Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегациясининг “Ўзбекистон - Европа Иттифоқи" Ҳамкорлик кенгаши мажлисидаги иштироки тўғрисида
2019-11-12 | Сиёсат
2019 йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация “Ўзбекистон - Европа Иттифоқи" Ҳамкорлик кенгашининг 15-мажлисида иштирок этди.
Европа Иттифоқи делегациясига ЕИга раислик қилаётган Финляндия Ташқи ишлар вазири, Пекка Ҳаависто раҳбарлик қилди.
Музокаралар чоғида икки томон кун тартибидаги бир қатор масалалар, сиёсий, иқтисодий, инвестиция, инсон ҳуқуқлари, таълим ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда кенг қамровли тус олган икки томонлама муносабатлар яққол ривожланмоқда. Томонлар фикрига кўра, олий ва юқори даражадаги мунтазам алоқалар бунга имкон яратмоқда. Европа кенгаши Президенти Дональд Тускнинг жорий йил 31 май - 2 июнь кунлари Ўзбекистонга ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан самарали музокаралари ҳамкорликни янада ривожлантиришдан ўзаро манфаатдорлигининг яққол далилидир. Шу ўринда Европа Иттифоқининг декабр ойида фаолият бошлайдиган янги раҳбарияти билан ҳам бу каби юқори даражадаги сиёсий мулоқотни сақлаб қолишга умид билдирилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Европа Иттифоқининг Марказий Осиё учун янги Стратегиясининг Европа комиссияси томонидан қабул қилинишини мамнуният билан қайд этди ва минтақа давлатларининг барқарорлигини ошириш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш ва ЕИ билан ўзаро ҳамкорликнинг институционал механизмларини мустаҳкамлаш каби ҳужжатда қайд этилган муҳим устувор йўналишлар аҳамиятини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) бўйича музокараларнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган тўртинчи раундига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Музокара жараёнининг конструктив хусусияти ва эришилган натижалардан қониқиш билдирилди.
Мажлис доирасида минтақавий ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
* * *
Мажлис якунига кўра Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи делегациялари раҳбарлари матбуот вакиллари билан учрашдилар.
Вазирлар турли масалаларни очиқ ва конструктив руҳда муҳокама қилишга имкон берган музокараларга юқори баҳо бердилар.
Европа томони янги истиқболларни очиб бераётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини изҳор этди.
Таъкидланганидек, Ҳамкорлик кенгашининг мажлиси Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича музокаралар суръатидан қониқиш изҳор этилди ва музокаралар 2020 йилда якунланишига умид билдирилди.
Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлиши кутилаётган ва 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларини кузатиш учун ЕХҲТнинг тўлақонли миссиясини таклиф этиш тўғрисидаги Ўзбекистон қарорини маъқуллади.
Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар ва халқаро шериклар билан фаол ва конструктив ҳамкорлигини қўллаб-қувватлади.
Томонлар ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, савдо ва инвестицияларга кўмаклашиш, Ўзбекистоннинг ЖСТ ва “ГСП+” имтиёзлар тизимига қўшилиши, қишлоқ хўжалиги ва хусусий тадбиркорлик, энергетика, таълим ва тадқиқотларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги