Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризм соҳасида камида бир миллион ўзбекистонлик меҳнат қилиши керак
2019-11-11 | Туризм
“Туризмни ривожлантириш бўйича қабул қилинган стратегияга мувофиқ, ушбу соҳада ва у билан боғлиқ йўналишларда Ўзбекистонда камида бир миллион киши меҳнат қилишини кутмоқдамиз, – деди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сайёҳлик ярмаркаси очилишига бағишланган матбуот анжуманида. – Айни пайтда соҳада 350 минг нафарга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда”.
Тошкент 13-15 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” МККда бўлиб ўтадиган “Ипак йўлида туризм – 2019” XXV халқаро сайёҳлик ярмаркасини қабул қилишга тайёрланмоқда. Кутилаётган тадбирга бағишланган матбуот анжумани бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.б. Абдулазиз Аккулов иштирокида бўлиб ўтди.
Ярмарка мамлакатимиз ва бутун Марказий Осиё минтақаси сайёҳлик саноатининг энг ёрқин воқеаси бўлиб, ҳар йили дунёнинг энг йирик сайёҳлик компаниялари эътиборини тортади. Форумда иштирок этиш учун дунёнинг турли бурчакларидан 200 дан ортиқ сайёҳлик соҳасидаги мутахассислар тўпланишади.
Форум меҳмонларини халқаро ва Миллий павилонлар кутиб олади, унда етакчи халқаро ва маҳаллий транспорт компаниялари, сайёҳлик компаниялари, меҳмонхоналар, дипломатик ваколатхоналар ва олий таълим муассасалари стендлари жойлаштирилади.
Ярмарка доирасида Шарқ бозори, “Ипак йўли таъми” миллий таомлари фестивали, Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиларининг халқаро форуми, ижодий танловлар ғолибларини тақдимотлар, маҳорат сабоқлари, баҳс-мунозаралар ва тақдирлаш каби ёрқин тадбирлар ўтказилади.
Тадбир Ўзбекистонда туризм бизнесини янада ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унинг салоҳияти бутун дунёда жуда юқори деб тан олинган. Бу ишлар барча йўналишларда олиб борилмоқда ва туризм соҳасини республиканинг “иқтисодиёт локомотиви” га айлантириш кутилмоқда.
Музаффар Абдуллаев олган суратлар
Манба: «Правда Востока»