Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сурхондарёда тиббиёт ходимлари муносиб шарафланди
2019-11-11 | Соғлиқни сақлаш
Мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимларининг касб байрами куни сифатида кенг нишонлади. Термиз шаҳридаги “Осиё“ тантаналар саройида ўтказилган байрам тадбирида тиббиёт соҳаси ходимлари муносиб шарафланди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокими Тўра Боболов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирди.
Президентимиз табригида таъкидланганидек, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъмат. Фақат соғлом инсон ва халқ мислсиз ишларга қодир бўлади.
Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини изчил ислоҳ қилиш орқали инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, биргина Сурхондарё вилоятида 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида 18 та объект қурилиши учун 46 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бунинг натижасида жорий йилнинг шу даврига қадар 13 та тиббиёт муассасаси замонавий тарзда капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
2018-2019 йилларда Республика бюджетидан ажратилган 32 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига Қумқўрғон туманидаги 150 ўринли “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйи фойдаланишга топширилди. Термиз туманида жойлашган 100 ўринли Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида қурилиш - реконструкция ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари 8 та даволаш - профилактика муассасаларига қарийб 11 миллиард сўм маблағ ажратилди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида маҳаллий бюджетдан ажратилган 15,5 миллиард сўм маблағ эвазига йил якунига қадар 17 та шифо масканларида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар муҳайё этилади.
Шунингдек, жорий йилда вилоятдаги тиббиёт муассасалари қарийб 6 миллион доллар қийматдаги энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни янада ривожлантириш мақсадида 2019 йил давомида 35 та тиббиёт муассасасининг фаолияти кенгайтирилиб, мавжуд хусусий муассасалар сони 217 тага етказилди ва қўшимча 122 та янги иш ўринлари яратилди. Уларнинг 49 таси стационар, 168 таси амбулатор йўналиш бўйича фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, келгусида Термиз шаҳри ва Денов туманида Афғонистон, Туркия ҳамда ҳиндистонлик хорижий инвесторлар иштирокида яна 3 та хусусий клиника ташкил этилади.
Тиббиёт ходимлари байрами муносабати билан бу йил илк бор давлатимиз раҳбари фармони асосида соҳанинг бир гуруҳ фидойи ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида 4 нафар сурхондарёлик ҳам бор.
Тадбирда вилоят ҳокими ана шу мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди. Иш фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ соҳа ходимлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига “Tracker” хизмат автомашинаси калити топширилди.
Тиббиёт ходимлари шарафланган тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Илҳом Раҳматов
Манба: «Халқ сўзи»