Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тиббиёт соҳасидаги улкан ислоҳотлар халқимиз саломатлигини асрашда кенг имкониятлар яратмоқда
2019-11-08 | Соғлиқни сақлаш
Мамлакатимизда жамиятимизнинг барча соҳалари каби соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда халқимизга кўрсатилаётган тиббий-профилактика, патронаж ёрдамини янада яхшилаш, тез ва шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолини арзони ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш борасида муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги уч йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича 170 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон мамлакатимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Фармон билан 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Бугунги кунда тиббиёт тизимида ислоҳотлар жуда жадаллашган. Хусусан, соҳани молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга оширилди. Масалан, 2017 йилда соҳага 7,1 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда соҳага 12,1 триллион сўм йўналтирилди. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда тиббиёт объектларини қурилиш-таъмирлаш ишларига ажратилаётган маблағлар миқдори 3 баробарга ортди.
Бугун дунё тиббиётида олиб борилаётган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, касалликларни даволашдан кўра, олдини олиш давлат учун ҳам, оила учун ҳам самаралидир. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, кейинги йилларда мамлакатимизда профилактик тиббиётни ривожлантиришга эътибор тобора кучаймоқда. Айни пайтда халқимизга бу йўналишда 1793 та амбулатория-поликлиника муассасалари, жумладан, 817 та қишлоқ врачлик пунктлари, 798 та қишлоқ оилавий поликлиникалар, 178 та шаҳар оилавий поликлиникалар хизмат кўрсатаяпти.
Тиббиётнинг бирламчи тизимини мақбуллаштириш ишлари натижасида 798 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилиниб, уларда аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, тез ёрдам шохобчалари ва ижтимоий дорихоналар, энг муҳими, 5 та тор соҳа мутахассисларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Тиббий патронаж хизмати замон талабидан келиб чиқиб такомиллашмоқда.
Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган соҳа — шошилинч ва “тез ёрдам” тиббий ёрдам хизматининг фаолияти ҳам кейинги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Натижада, аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда, мурожаатлар йил сайин ошиб бораяпти. Масалан, таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 млн.ни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда – 8,7 млн. 2018 йилда эса 9,8 млн.га етган. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи ичида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган. Кейинги йилларда тез ёрдамнинг махсус санитар автотранспорт парки янгиланди.
Бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин “Nissan”, “Hunday”, “Toyota” русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Янги ҳарид қилинган 281 та реанимобиллар 4,1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги зарур асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. 2019 йилда яна 150 та тиббий асбоб-ускуналар ва алоқа воситалари билан тўлиқ жиҳозланган “Ford” русумидаги реанимобиллар харид қилинди.
Ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада сўнгги уч йилда қўшимча аллергология, онкология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология ва инсульт, травматалогия ва ортопедия ҳамда нейрохирургия каби қатор йўналишларда тиббиёт марказлари фаолияти ташкил этилиши ҳисобига аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт марказлар сони 16 тага етди. Ҳудудларда 310 та ихтисослашган бўлимлар, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 14 та филиаллари ташкил қилинди.
Тиббиёти тараққий этган мамлакатларда қўлланилаётган илғор инновацион тиббий технологияларни мамлакатимиз тиббиётида жорий этишга ҳам алоҳида аҳамият берилаяпти. Шу ўринда Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш бўйича энг мураккаб операциялар муваффақиятли бажариб келинаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши —ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди. Кардиожарроҳлик соҳасидаги замонавий операциялар бугун нафақат пойтахтимизда, балки, Наманган, Хоразм, Фарғона, Бухоро, Қашқадарё ва бошқа вилоят даволаш муассасаларида ҳам муваффақиятли амалга оширилаяпти.
Охирги йилларда ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ҳамда неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш тизими йўлга қўйилди. Ҳудудларимизда болалар даволаш муассасаларида олдинлари мавжуд бўлмаган неонатал хирургия, кардиохирургия, инвазив хирургия, қизлар гинекологияси каби кўплаб янги бўлимлар ташкил этилиб, энг қийин амалиётларни ўтказилмоқда.
Қолаверса, юртимиз перинатал муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши баробарида мутахассисларимизнинг малакасини ошириш орқали энг кам вазнли гўдакларни ҳам парвариш ва реабилитация қилиш муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ушбу бу ўзгаришлар юртимизда аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга, оналар ва гўдаклар ўлимини кескин камайишига сабаб бўлмоқда.
Сўнгги уч йилда 1300 дан ортиқ даволаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги ва биргина 2019 йилнинг ўзида соҳага 130 миллион доллар миқдорида инвестициялар жалб этилгани, тиббиёт масканлари 100 миллион доллар миқдоридаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани, халқимиз саломатлиги йўлида қилинган ишларнинг мезон ва миқёсини кўрсатиб турибди.
Юртимизда кейинги йилларда хусусий тиббиёт ривожи учун кенг имкониятлар яратилди. Натижада бугунга келиб бу йўналишда фаолият юритаётган шифохоналар сони 5300 дан ошди. Мамлакатимизда Россия, АҚШ, Германия, Хиндистон, Туркия каби қатор ҳорижий давлатларнинг 100 дан ортиқ замонавий клиникаларни ташкил этилди.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар жараёнида тиббий таълим ривожига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда тиббиёт соҳаси учун 7 та олий тиббий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда. 2017 йили Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали очилиши, Фарғона филиалида қабулнинг тикланиши ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирди.
Тиббиёт илм-фани, тиббий-илмий марказларнинг хориждаги нуфузли илм-фан муассасалари билан алоқалари ҳам жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида мамлакатимиз тиббиёт олий ўқув юртлари ва хориждаги нуфузли тиббий-илмий таълим муассасалари ҳамкорлигида 22 та халқаро факультет очилди. Бир сўз билан айтганда юртимиз тиббиёт илми ҳам жаҳон илм-фани билан ҳамқадам ривожланиб боряпти.
Бир сўз билан айтганда, соҳадаги улкан ислоҳотлар халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган ва бу жараён келгусида ҳам изчил давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги