Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
IT-Паркда Нобел мукофоти лауреати Дан Шехтман билан учрашув бўлиб ўтди
2019-11-08 | Технологиялар
IT-Паркда “квазикристалларни кашф этгани" учун 2011 йилда кимё бўйича Нобел мукофоти лауреате бўлган, Исроилнинг етакчи Технология университети Технион профессори Дан Шехтман билан расмий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Исроил давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапира, IT-Парк бош директори Фарҳод Ибрагимов, Исроил Давлати элчихонаси делегацияси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари, шунингдек IT-Парк стартап жамоалари вакиллари иштирок этдилар.
Жаноб Эдуард Шапира Ўзбекистон Республикасининг IT соҳасини ривожлантириш учун ҳукумат томонидан кўрсатилаётган кучли ёрдамлар, кўплаб хорижий мутахассисларни жалб қилинаётганлиги ҳақида таъкидлаб ўтди ва ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Исроил ўртасида IT соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида IT-Парк вакиллари кўплаб хорижий тадбиркорларнинг Ўзбекистоннинг стартап-бозорига билдираётган қизиқишлари, жалб қилинган инвестициялар, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида гапириб берди. IT-Паркнинг мақсадларидан бири маҳаллий IT-мутахассислар ва тадбиркорларни ўз фаолият доираларини маҳаллий бозордан халқаро бозорга қадар кенгайтиришлари учун қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.
Профессор Дан Шехтман ўзининг фаолияти ва илмий ишланмаларини тижоратлаштириш йўллари тўғрисида батафсил сўзлаб берди, шунингдек IT-Парк вакилларини IT-ташкилотлар ўртасидаги нетворкингни кенгайтириш учун миллий IT-мусобақаларида иштирок этишга таклиф қилди.
Тадбир доирасида IT-Парк стартап-жамоалари профессор Дан Шехтманга ўз лойиҳаларини тақдим этиш ва ўзларини қизиқтирган саволларни бериш имкониятига эга бўлдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги