Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг ЕИдаги Миссиясида брифинг ўтказилди
2019-11-08 | Сайлов
2019 йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги Миссиясида республикада бўлиб ўтадиган парламент сайловларига бағишланган брифинг ўтказилди.
Тадбирда Европа парламенти аъзолари - Европа Парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголия билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Фулвио Мартушелло, унинг ўринбосари Андрис Америкс, евродепутат Влодзимеж Чимошевич ва уларнинг ёрдамчилари иштирок этдилар.
Брифинг иштирокчиларига Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият органларида сайлов компанияси бошлангани тўғрисида батафсил маълумот берилди. Жорий сайлов халқаро талабларга тўла мувофиқ ҳолда ўтиши, ушбу талаблар эса ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ва Венеция комиссияси билан биргаликда тайёрланган ва қабул қилинган Ўзбекистон Сайлов кодексига тўла мос келиши таъкидланди.
Қайд этилганидек, сайлов кампанияси ва бевосита овоз бериш мониторингини 50 га яқин хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг 600 дан ортиқ кузатувчилари олиб боради. Хусусан, мамлакат тарихида илк маротаба ЕХҲТ ДИИҲБ 300 нафарга яқин кузатувчилардан иборат тўла қонли миссиясини сайловга юборишни режалаштирмоқда.
Тадбир иштирокчилари сайловчилар учун яратилган шароитларни муҳокама қилдилар. Европа парламенти Делегацияси аъзолари муҳим янгилик - сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва унинг асосида сайловчиларга Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг веб-сайтида сайлов тўғрисидаги барча маълумотларни олиш имкониятини берувчи электрон портал яратилишини юқори баҳоладилар.
Суҳбатдошларда яқинда яратилган “Сайлов-2019” мобил иловаси ҳам катта қизиқиш уйғотди, ушбу илова меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, сайлов комиссиялари тўғрисидаги маълумотлар, услубий тавсиялар, ўқув ва бошқа материалларни ўз ичига олади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Бруссел шаҳрудаги Элчихонасида сайлов участкаси ташкил этилади, бу ерда эса Бенилюкс мамлакатларида (Бельгия, Нидерландия ва Люксембург) вақтинча ёки доимий яшаётган Ўзбекистон фуқаролари овоз беришлари мумкин.
Фулвио Мартушелло қайд этганидек, Ўзбекистонда бўлажак парламент сайлови тайёргарлик босқичидаёқ “ошкора, демократия шароитида ва халқаро меъёртларга мувофиқ" ўтишини таҳмин қилиш учун барча асослар беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги