Таниқли француз актёри Жерар Депардье Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Машҳур француз актёри Жерар Депардье Ўзбекистон ҳақидаги ҳужжатли фильм суратга олиш ишлари учун Тошкентга келди. Актёр Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг қурилиш жараёнлари билан танишди.
Депардье, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ва «Ўзбеккино» агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов билан ҳам суҳбатлашди.
Учрашувда француз актёри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом динининг чинакам инсонпарварлик моҳиятини кенг жаҳон жамоатчилигига етказиш борасидаги ташаббуслари муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
«Мен ушбу марказни барпо этиш ташаббуси билан чиққан мамлакатингиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ёндашувига қўшиламан. Мамлакатингизда ушбу муқаддас динни инсонпарварлик қадриятларнинг диққат маркази сифатида улуғлайдилар ва бу буюк эътиқодни зўравонлик ва қон тўкиш билан тенглаштирганларни қоралайдилар. Бугунги кунда кўплаб экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон мусулмон дунёси учун инсонпарварлик ривожланиш моделининг пойдеворини қўймоқда. Бу ҳақиқатан ҳам тарихий лаҳзалардир», - дея, Депардье ўз фикрларини билдирди.
Актёр Ўзбекистон азалдан олимлар ва буюк мутафаккирларни дунёга келтирган замин эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
«VIII асрдан бери бу ерда ноёб интеллектуал муҳит яратилган. Математика, тиббиёт ва умуман барча фан соҳаларида катта ютуқларга эришилди. Илоҳиётга ҳам кам эътибор берилди. Энг нуфузли ҳадислар тўплами - Пайғамбарнинг ҳикматлари - Имом Муҳаммад ал-Бухорий томонидан тузилган. Нақшбандийнинг энг катта суфийлик нишони (замонавий Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлган – таҳрирчи изоҳи ) Бутун Евросиё бўйлаб - Болқондан Индонезияга қадар тарқалган. Кўплаб таниқли буюк олимлар Мовароуннаҳрда яшаб келганлар, жумладан, Ислом илмининг «олтин даври»да - IX-XI асрларда Ўзбекистонда. Европа дунёсининг ҳеч бир мамлакати бундай илмий марказ билан фахрлана олмайди. Бу Ислом маърифат ғояларини тарғиботчиси эканлигининг яққол белгиси эмасми?» - деб хулоса қилди Депардье.
Қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида гапирганда, актёр ушбу марказ Ислом динини эътироф этган халқларнинг энг бой меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш ва бошқа динларни ҳурмат қилишда ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдирди.
Шунингдек, актёр ўзбек халқининг меҳмондўстлигидан ва Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросидан ҳайратда эканлигини билдирди.
«Ўзбекистонга ноёб жуғрофий ўрин (ҳудуд) туҳфа этилган. Осиёнинг қоқ юрагида жойлашган бу мамлакат ўзидан ташқаридаги мамлакатларнинг маданиятидан кўплаб маданий анъаналарни тўплади ва шу билан бирга ўз тажрибасини ташқи оламга етказди», - деб таъкидлади Депардье.
Депардье сўзининг охирида Ислом мероси, маърифатли ислом мавзуси Ўзбекистонда суратга олиш ишлари бошланган фильмнинг асосий мавзуларидан бири бўлишини қўшимча қилди.
«Бизнинг вазифамиз - француз томошабинларига ва бутун дунёга исломнинг ҳақиқий қиёфасини - маданияти, илми, санъатини намойиш этишдан иборатдир», - дея таъкидлади актёр.
Таъкидлаш жоизки, Жерар Депардье иштирокида ҳужжатли фильмни суратга олиш ташкилотчилари сифатида «Ўзбеккино», Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ташаббус кўрсатмоқдалар. Фильмни суратга олиш ишлари Ўзбекистоннинг 5 та шаҳри - Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва Нукусда олиб борилади.
Манба: "Ўзбеккино" Миллий Агентлиги