Буюк Британия мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчи
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев бошчилигидаги делегация Буюк Британиянинг етакчи университетлари билан музокаралар олиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 апрелдаги “2019-2021 йилларда Республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган сафарда Буюк Британиянинг фармацевтика соҳасидаги тажрибасини ўрганиш, мамлакатимизда мазкур давлат университетлари филиалларини очиш имкониятларини муҳокама қилиш ва бу борада Қироллик фармацевтика жамияти раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
Агентлик матбуот хизматининг маълумотига кўра, ташрифнинг биринчи кунида делегация аъзолари Де Монфорт университети вакиллари билан учрашди. Унда томонлар илмий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашди, қўшма саъй-ҳаракатлар тафсилотларини муҳокама қилди. Учрашув якунида ўзаро Англашув меморандуми имзоланди.
Унга кўра, хорижий мутахассислар фармацевтика соҳасида янги инновацион технологияларни тадқиқ этиш ва ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятларини билдирди.
Манба: ЎзА