Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бош вазир қабулхонасига мурожаат қилингач...
2019-11-07 | Иқтисодиёт
Мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашнинг инновацион йўлини рағбатлантирувчи эркин бозорни шакллантириш, рақобатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг имкониятлар яратиш, монополиянинг ҳар қандай кўриниишга чек қўйиш, давлат-хусусий шерикчилик тизимини такомиллаштириш – ҳозирги иқтисодий сиёсатимизнинг энг муҳим йўналишларидир, десак муболаға бўлмайди.
Шунингдек, давлат хизматлари сифатини ошириш, тан олинган халқаро мезонлар ва корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, давлат харидларининг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳам долзарб масалалар сирасига киради.
Кўриб турганингиздек, кичик ва ўрта бизнес шаклидаги тадбиркорлик субъектлари ушбу жараёнларнинг бевосита иштирокчиси саналади. Иқтисодиётнинг қайси соҳасини олмайлик, унинг хусусий секторсиз тараққий этишини тасаввур қилиш мушкул. Ишбилармон доиралар вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш, яратилган имкониятлардан эмин-эркин фойдаланиши йўлидаги сансалорликларни бартараф этиш пировардида жамият фаровонлиги ва аҳоли турмуш тарзи даражасининг юксалишига хизмат қилади. Шунинг учун ҳам юртимизда айни жиҳатларга давлат сиёсати сифатида долзарб аҳамият берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил қилингани ҳам фикримиз далилидир. Унга мувофиқ, ишбилармонлар, шу жумладан, чет эллик инвесторлар ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси мутасаддилари, инвестициялар ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастр органлари, банк ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари бевосита иштирокида ҳар куни қабул қилиниши белгиланган.
Бу борада Хоразм вилоятида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Эътиборли томони, тадбиркорни қабул қилиш ва мурожаатини шунчаки қайд этиш эмас, балки муаммосини ечиш фаолиятимизнинг асосий мақсади қилиб қўйилган. Реал натижа учун ишлаш тамойили устувордир. Қуйидаги амалий мисоллар ҳам буни тасдиқлаши мумкин.
Урганч туманидаги “Yunus Akmalbek” хусусий корхонаси раҳбари Анвар Матякубов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун “Қишлоққурилишбанк”нинг Хоразм вилоят филиалидан 70 миллион сўм кредит ажратишни сўраб мурожаат этгани, лекин банк ходимлари “Ҳозир ресурс йўқ”, дея овора қилиб юрганини билдирган. Урганч туманидаги Бош вазир қабулхонаси ходимларининг мазкур масалани чуқур ўрганиши туфайли тадбиркорга ушбу банкдан 6 кун ичида сўралган маблағ ажратиб берилди.
“Туркманлар” маҳалласида яшовчи Дилфуза Бабаниязова 2019 йилнинг май ойидан бери “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича томорқа ерида иссиқхона қуриш учун кредит ололмай “Халқ банки”га қатнайверган. Мазкур молия муассасасининг Қоровул филиали 2019 йил 3 июнь санаси билан тақдим этган кафолат хатига асосан иссиқхона учун 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит 10 банк иш кунида ҳисобрақамига ўтказиб берилиши керак эди. Лекин тадбиркор тўрт ойдирки, шу пулни ололмасдан сарсон бўлган. Д.Бабаниязова Бош вазир қабулхонасига мурожаат қилганидан кейингина 5 кунлик муддатда 30 милион сўмлик кредит олиб берилди.
“MIG & GUATEX investments group” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона директори Ғ.Нуруллаев Бош вазир қабулхонасига келганида ушбу қўшма корхонага Урганч туманининг 117-контур ҳудудидан мато ишлаб чиқариш цехи қуриш учун ер майдони ажратилгани, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури асосида 87 минг доллар миқдорида тўғридан тўғри инвестиция жалб қилингани, Хитой ва Туркиядан асбоб-ускуналар келтирилганини айтди. Лекин қурилиш ишларини амалга ошириш учун тадбиркорга шу ердан ноқонуний фойдаланаётган шахслар тўсқинлик қилибди.
Мазкур мурожаат Бош вазир қабулхонасининг аралашуви билан тегишли ҳокимлик ва бошқа масъул идоралар томонидан қисқа вақт ичида ижобий ҳал қилингач, тадбиркор қурилиш ишларини бошлаб юборди.
Ғафуржон ДАВЛАТОВ,
Бош вазирнинг
Урганч туманидаги
қабулхонаси мудири