Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Навбатдаги манзил — Чилонзор
2019-11-06 | Жамият
Хабарингиз бор, мамлакатимизда кетма-кет Давлат хизматлари марказларининг янги ва ҳар томонлама қулай бинолари фойдаланишга топширилиб келинмоқда. Бугунги кунда уларнинг сони 55 тага етди.
Янги қиёфадаги ДХМларнинг навбатдагиси — Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган. Ушбу марказ пойтахтимизда фойдаланишга топширилаётган замонавий марказларнинг биринчиси бўлиб, яна 8 та ДХМ қурилиши бошлаб юборилган.
Бино қурилишида унинг бугунги кун жаҳон талабларига мос келиши, кенглиги, хизмат олувчиларга барча зарур шарт-шароитлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумот учун, аввалги бино 224 м2 майдонда жойлашган бўлиб, жамоат транспорт воситаси қатнови ҳамда шахсий транспорт воситаси билан ташриф буюрувчилар учун махсус тўхташ жойи, қулай кутиш зали ва шу каби зарур бўлган шароитларга эга бўлмаган. Бу эса, фуқаролар томонидан давлат хизматларини олишда ноқулайликлар туғдирган эди.
Давлат хизматлари агентлиги хизмат олувчилар учун қулай сервисни ташкил этилиши ва ҳар мижоз Марказдан мамнун бўлиб чиқиб кетишига алоҳида эътибор қаратади.
Бир вақтнинг ўзида мурожаатчиларга 100 дан ортиқ хизмат кўрсатиш имкони яратилган бинода электрон навбат, инфокиоск, кутиш ва тиббий хизмат кўрсатиш, болалар майдончаси, кафе, кутубхона, электрон хизматлардан фойдаланиш кўникмасига эга хизмат олувчилар (ўзига ўзи хизмат кўрсатиши) учун алоҳида майдонлар мавжуд.
Мазкур бино давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан халқаро экспертлар томонидан Президентимизнинг 10та тарихий аҳамиятга эга муҳим ташаббусларидан бири сифатида давлат хизматлари тизимининг ривожлантирилиши эътироф этилганлиги эълон қилинди.
Давлат хизматлари агентлиги хизмат кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш ва соддалаштириш учун доимий равишда изланиб, бу борадаги ишларини давом эттирмоқда.
Анъанага кўра, ҳар бир очиладиган янги Давлат хизматлари маркази бирор янгилик билан фарқланиб туради. Чилонзор тумани ДХМ ҳам бундан мустасно эмас.
Марказда электрон навбат тизими билан интеграция қилинган махсус платформа ташкил этилиб, илк бор синов тариқасида ишга туширилмоқда. Унинг ёрдамида хизмат олувчилар хизмат кўрсатиш жараёни ва хизмат кўрсатган ходимни баҳолаши мумкин бўлади.
Бу эса Агентлик ва фуқаролар ўртасида ўзаро алоқани ўрнатишга замин яратади. Фуқаролар эса хизмат кўрсатиш сифатини ошириш жараёнига ўз ҳиссасини қўшиш имконига эга бўладилар.
Юқоридаги барча жараёнлар бизнес таҳлил (BI-Business intelligence) ёрдамида Агентлик масъул ходимлари томонидан мониторинг қилиб борилади.
Бундан ташқари, фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, давлат хизматларини олиш учун электрон рақамли имзо сўралмайди. Мазкур марказда синов тариқасида махсус электрон имзо мосламаси мавжуд.
Бу ҳали ҳаммаси эмас! Энди банк кассаларида навбатда туришга ҳам ҳожат қолмайди. Банк карточкаси мавжуд бўлган хизмат олувчилар давлат божлари ва бошқа тўловларни ўрнатилган POS-терминал, ҳамда Pay Me GO тизими орқали тўлаш имкони яратилган.
Ҳуқуқий маслаҳат керак бўлиб қолса, ДХМда жойлашган “Мадад” нодавлат муассасасининг пойтахтимиздаги илк бўлимига мурожаат этишингиз мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази, нотариус хонаси ва бошқалар бинода жой олган.
Янги замонавий Чилонзор туман Давлат хизматлари марказининг биноси биринчи навбатда халқимизга, пойтахтимизнинг замонавий қиёфасига ва юртимиз меҳмонларига манзур келади деган умиддамиз!
Эслатиб ўтамиз, Давлат хизматлари марказларида аксарият хизматлар экстерриториал тамойили асосида кўрсатилади.
Манба: Давлат хизматлари агентлиги