Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Олий таълимда коррупцияга ўрин йўқ

2019-11-06 | Таълим

5 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.

Ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Ш.Кудбиев ва А.Абдувахитов, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг раҳбар ходимлари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.

Мажлис кун тартибида асосий масала сифатида олий таълимда таълим сифатига тўсқинлик қилувчи асосий иллат – коррупцияга қарши кураш масаласи кўриб чиқилди.

Олий таълим муассасаларида коррупцияга шароит яратувчи омилларни бартараф этиш, ўқув жараёнларида очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш йўлидаги ишлар ҳолати танқидий муҳокама қилинди.

Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида коррупция иллатига барҳам берилмаётгани, олийгоҳда бу борада етарли даражада ишлар олиб борилмагани кескин танқид остига олинди.

Бўлиб ўтган йиғилиш соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар ходимга огоҳлик қўнғироғи бўлмоғи лозим. Халқимиз, Президентимиз олий таълимга жамият тараққиётининг локомотиви сифатида умид билдириб, катта эътибор қаратаётган бир паллада бундай иллатга қарши собитқадам курашмаслик миллат келажагига хиёнатдир.

Шунингдек, йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилиб, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Ходиев Баходир Юнусович эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Мазкур лавозимга шу кунга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Шарипов Конгратбай Авезимбетович тайинланди.

Мажлис сўнггида тизимда коррупцияга қарши курашиш, аниқланган ҳар бир ҳолатга фавқулодда ҳолат сифатида қараб кескин чора кўриш, таълим сифатини таъминлаш ҳамда мутасадди раҳбар ходимлар, профессор-ўқитувчиларнинг жавобгарлиги ва масъулиятини ошириш лозимлиги қайд этилиб, тегишли кўрсатмалар берилди. 



Бобиромон ҚОДИРОВ, 
Ташкилий-кадрлар бошқармаси бошлиғи

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Поделиться