Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ДХА қандай қилиб топ-5га кирмоқчи?
2019-11-05 | Жамият
Маълумки, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланади.
Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш–2020” йиллик ҳисоботи натижалари Агентликнинг 2 йиллиги арафасида чинакам туҳфа бўлди.
Давлат хизматлари агентлигининг саъй-ҳаракатлари ҳамда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида, “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсатгичи бўйича мамлакатимиз 12-ўриндан 8-ўринга кўтарилди. Яъни, республикамизнинг янги тарихида биринчи маротаба биз ушбу тоифадаги энг илғор 10-ликка кирдик.
Бироқ, биз эришилганларда тўхташни истамаймиз ва позицияларимизни яхшилашни давом эттириш ниятидамиз.
Бизни бошқа бир савол қизиқтиради: нега биз кучли 5-ликка кира олмадик?
Ўзига хос “хатолар устида иш” олиб бориб, биз қуйидаги хулосага келдик:
Биринчидан, амалга оширилган улкан ишларга қарамай, афсуски, баъзи жорий этилган илғор инновациялар “Doing Business” сўровномаси ўтказилганидан сўнг ишга туширилди ва жорий йилда ҳисобга олинмади.
Иккинчидан, Давлат хизматлари агентлиги ҳали шаклланиш жараёнида турган ёш ташкилот бўлганлиги сабабли, биз барча кучларимизни сафарбар қила олмадик ва ўзимизни етарли даражада кўрсата олмадик.
Хатоларимизни англаш учун биз «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича етакчи ўринларни эгаллаган мамлакатлар тажрибасини таҳлил қилдик. Янги Зеландия, Грузия, Канада, Сингапур ва бошқалар улар орасида.
Ўрганишлар натижасига кўра, Ўзбекистонда бизнесни бошлаш жараёнини такомиллаштириш учун бир неча муҳим ва юксак новацияларни жорий этиш зарур.
Шу жумладан:
– давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни билан бир вақтнинг ўзида ҚҚС тўловчиси сифатида ихтиёрий рўйхатдан ўтиш тартибини белгилаш;
– имзолар намуналарини тайёрлаш жараёнини соддалаштирадиган тартибни ишлаб чиқиш. Биз банкда ҳисобварақ очаётганда имзо намунасини бирданига эмас, балки банк билан кейинги бевосита алоқада бўлганда тақдим этиш тарафдоримиз (масалан, ҳисоб-рақамига пул ўтказиш жараёнида);
– бизнес бошлаш истагида бўлган ташкилотнинг ходимлар штати шакллантирилган бўлса, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш жараёни билан бир вақтда ходимларнинг Пенсия жамғармасида рўйхатдан ўтиши имконини яратиш;
– рўйхатдан ўтиш жараёнининг ўзида электрон ариза бериш ва тайёрлиги тўғрисида онлайн хабарнома юбориш орқали, муҳр ва штампларни тайёрлаш учун онлайн равишда ариза бериш имконини яратиш;
– мобил илова орқали бизнесни рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратиш.
Ушбу янгиликларни жорий этиш учун барча ваколатли органлар келишилган ҳолда ишлаши зарур.
Шу боис, ушбу рейтингда Ўзбекистоннинг мавқеини янада яхшилаш ишларини давом эттириш учун Давлат хизматлари агентлиги барча масъул идораларни бу ишда ҳамкорлик қилишга ва бизни қўллаб-қувватлашга ундайди.
Манба: Давлат хизматлари агентлиги