Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

2019-11-04 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Мамлакатимизда ислоҳотларнинг фаол амалга оширилиши муносабати билан давлат ва жамиятни ривожлантиришга оид қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сони ва кўлами ошди.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар қонун ҳужжатларини қўллаш самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш фаолияти етарлича ташкил қилинмаганлиги, уларнинг натижадорлигини мониторинг қилишнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизми тўлиқ йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш, нотўғри ёки зиддиятли ҳуқуқни қўллаш амалиётига олиб келадиган нормалар пайдо бўлишининг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуни 42-моддасига мувофиқ давлат бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторинги амалга оширилиши лозимлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тизимини (кейинги ўринларда – ҳуқуқий мониторинг) жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қуйидагилар ҳуқуқий мониторингнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ягона амалиётини жорий этиш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш мақсадларига мувофиқлигини ўрганиш;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлигини таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар, зиддиятлар, коррупцияга оид омиллар, бир-бирини такрорловчи ва коллизион нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ягона тушунча ва атамалар тизимини яратиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлақонли ижро этиш давлат бошқаруви органларининг устувор вазифасидир;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш самарадорлиги уларни амалда қўллаш бўйича ҳуқуқий мониторинг ўтказиш йўли билан аниқланади;

ҳуқуқий мониторинг давлат бошқаруви органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш предмети бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича амалга оширилади;

ҳуқуқий мониторинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ҳуқуқий мониторинг ўтказиш режасига (кейинги ўринларда – мониторинг режаси) мувофиқ амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига асосан қўшимча ҳуқуқий мониторинг ўтказиш талаб этилган тақдирда, ҳуқуқий мониторинг давлат бошқаруви органлари томонидан мониторинг режасига қўшимча киритилмасдан амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органлари томонидан ҳуқуқий мониторинг ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танлаб олиб, такрорий ҳуқуқий мониторинг ўтказишга ҳақли;

ҳуқуқий мониторингни ўтказишда давлат бошқаруви органлари адвокатлар, илмий-таълим муассасалари мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини, шунингдек, фуқароларни шартнома асосида жалб қилишга ҳақли. Ушбу тадбирларни молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланадиган бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқий мониторингни ўтказиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

давлат бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган ҳуқуқий мониторингда иштирок этиш;

давлат бошқаруви органлари томонидан ҳуқуқий мониторинг якунлари бўйича ўз вақтида тақдим этилмаган, нотўғри, ишончсиз ёки тўлиқ бўлмаган ахборот тақдим этилган тақдирда, уларга нисбатан ҳуқуқий мониторингни ўтказишдаги қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш.

6. Давлат бошқаруви органлари:

а) ҳар йили 1 февралга қадар:

ҳуқуқий мониторинг ўтказилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатини шакллантиришни ва биринчи раҳбар имзоси билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этишни;

мониторинг режасига мувофиқ ўтган йилда ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисида ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этишни;

б) ҳар чоракда мониторинг режасига мувофиқ таҳлилий маълумотлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳар йили 20 февралга қадар:

а) давлат бошқаруви органларининг таклифлари асосида мониторинг режаси лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) давлат бошқаруви органлари томонидан ўтган йилда ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисида қуйидагиларни назарда тутувчи ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

мониторинг режасининг бажарилиши натижалари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уларни бекор қилиш зарурати;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, қонунчиликдаги бўшлиқ ва зиддиятлар, шунингдек, коррупцияга оид нормаларни бартараф этиш чораларини кучайтириш бўйича таклифлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳамда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органлари.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили 20 мартга қадар мониторинг режасини ҳамда ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисида ҳисоботни Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида муҳокама қилган ҳолда тасдиқласин.

9. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳуқуқий мониторингни сифатли ва ўз вақтида ўтказиш, мониторинг режаси бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ўтказилиши ҳолати бўйича ахборотни белгиланган муддатларда киритиш учун шахсан жавобгар ҳисобланади;

ҳуқуқий мониторингни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар, шу жумладан, мазкур қарорнинг 6-7-бандларида назарда тутилган ташкилий тадбирлар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида ташкил этиладиган махсус электрон майдончада амалга оширилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида:

ҳуқуқий мониторинг иштирокчилари ўртасида тезкор электрон ҳужжат айланишини таъминлаш;

мониторинг режасини шакллантириш;

ўтказилган ҳуқуқий мониторинг якунлари бўйича тайёрланган материалларни жойлаштириш имконини яратувчи махсус электрон майдончани жорий этиш чораларини кўрсин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мунтазам равишда махсус электрон майдончанинг тўғри бошқарилишини мувофиқлаштирсин, шунингдек, ўтказилган ҳуқуқий мониторинг якунлари бўйича жойлаштирилган материалларни таҳлил қилиб борсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Манба: ЎзА

Поделиться