Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

«Бу мусобақа эмас, байрам бўлди, бир мақсад йўлида бирлашган юраклар байрами» — Самарқанд Халқаро хайрия ярим марафони ўтказилди

2019-11-04 | Жамият

3 ноябрь куни Самарқанд шаҳри мезбонлигида Ўзбекистонда илк марта ўтказилаётган Халқаро хайрия ярим марафони старт олди. Очилиш тадбирида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов чиқиш қилиб, мусобақа аҳамияти ҳақида гапириб, иштирокчиларга муваффақият тилашди.  

Ушбу хайрия ярим марафони Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси ҳамда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида “Ko‘ngil ko‘zi” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

“Муҳтарам Президентимиз жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга жуда катта эътибор қаратмоқдалар, — деди Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов. — Юртбошимизнинг топшириқлари асосида бу борада қарорлар чиқарилиб, ҳукумат томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Мана, бугун ўтказилаётган тадбир ҳам мақсад ва вазифалари нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Жумладан, ярим марафон натижалари имконияти чекланган юртдошларимиз учун маданий объектларда шарт-шароит яратишга йўналтирилиши эътиборга молик”.

Азиз Абдуҳакимов мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:“Ҳозирги кунда биз республикамиздаги барча маданий объект ва муассасаларни хатловдан ўтказиб, имконияти чекланган шахслар учун яратилмаган, лекин яратилиши зарур бўлган шароит ва имкониятларни аниқлаб, бу бўйича қилиниши лозим бўлган режали тадбирларни белгилаб олдик. Ўйлайманки, Самарқандда ўтаётган ярим марфаон иштирокчилар қалбига нафақат янги куч, ғолиблик сари интилиш, балки меҳр-мурувват, саховат каби эзгу ҳисларни бахш этади. Халқаро енгил атлетика федерациси томонидан тан олинган ушбу ўзига хос мусобақа кейинги 5 йил давомида ҳам ўтказилади. Мусобақанинг тарихий обидалар бўйлаб ташкил этилиши ташаббускор ташкилотлар томонидан таклиф этилган. Ўйлайманки, бу қатнашчиларга ўзбек маданияти, тарихи ҳақида атрофлича таассурот бағишлайди”.

Югуришга Регистон майдони ёнида старт берилди. Иштирокчилар йўналиш бўйича Мирзо Улуғбек мадрасаси, «Шердор» мадрасаси, «Тиллакори» мадрасаси, «Руҳобод» мақбараси, «Гўри Амир» мақбараси, «Афросиёб» шаҳарчаси, «Ҳазрати Хизр» мақбараси, «Хўжа Дониёр» мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи-Зинда ансамбли, Сиёб бозори, Биби Хоним масжидлари ёнидан ўтди.

Мусобақада дунёнинг 23 мамлакатидан ташриф буюрган мингдан ортиқ спортчилар билан бирга ўзбекистонлик атлетлар, сенаторлар, депутатлар, ишбилармонлар, ҳокимлик вакиллари, журналистлар ва жисмоний имконияти чекланган инсонлар ҳамда шунчаки спорт ихлосмандлари қатнашишди.

Хайрия ярим марафони 2 км, 10 км ва 21,1 км масофаларда ўтказилди. Иштирокчи аёллар ўртасида энг ёши улуғ спортчи — 72 ёшли Амегулсим Мусилманова, эркаклар ўртасида эса — 74 ёшли Гелман Қосимов бўлди.

10 км масофага ўтказилган югуриш мусобақасида қозоғистонлик Дмитрий Иванчуков биринчи, ўзбекистонлик Евгений Фадеев иккинчи, қоғоғистонлик Михаил Крассилов учинчи бўлди.

Аёллар ўртасида ҳам қозоғистонлик спортчи Татяна Нерознак маррани биринчи бўлиб кесиб ўтди. Ўзбекистонлик Зарнигор Худойбердиева ва Марина Хмелевская совриндорлар қаторидан жой олишди.

Эркаклар ўртасида 21,1 километрлик масофага югуриш бўйича сурхондарёлик спортчи Шоҳрух Давлатов маррага биринчи келди.Аёллар ўртасида эса Нурхон Муҳиддинова 1-ўринни эгаллади. У ўз таассуротлари ҳақида шундай деди:“Мен ушбу халқаро беллашувда қатнашиш учун Намангандан келдим. Бу мен учун мусобақа эмас, байрам бўлди. Бир мақсад йўлида бирлашган юраклар байрами”.

Мазкур хайрия ярим марафони соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт туризмини ривожлантириш билан бир қаторда, имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.

Ярим марафондан тушган маблағлар Тошкент театрларидан бирида кўриш қобилияти заиф ва кўзи ожиз инсонлар учун қулай муҳит яратиш бўйича экспериментал лойиҳани амалга оширишга йўналтирилади. Ушбу дастур тифлоизоҳлаш (аудиодескрипция) ёрдамида пьесанинг театр саҳнасида намойиш этилишини ўз ичига олади. 

Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Поделиться