Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда илк марта ўтказиладиган Халқаро хайрия ярим марафонидан тушган маблағ тажриба лойиҳасини амалга оширишга сарфланади
2019-11-02 | Соғлиқни сақлаш
Бу ҳақда бугун Регистон майдонида Samarkand Half Marathon – илк халқаро хайрия марафонига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Жорий йилнинг 1-3 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Мазкур лойиҳадан маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, мамлакатда спорт туризмини ривожлантириш мақсадлари кўзланган.
Марафонда тажрибали ва ҳаваскор югурувчилар 21, 10 ва 2 километр масофага югуриб, куч синашиши мумкин.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, югуриш хайрия марафони кенг кўламдаги маданий дастур ва унутилмас тадбирларга бой бўлади. Хусусан, инклюзив мавзуларга бағишланган таълим тадбирлари, болалар ва катталар учун маърузалар ҳамда маҳорат дарслари, спорт ҳақида ҳужжатли фильмлар намойиши, маҳаллий ҳамда хорижлик санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари ташкил этилади.
Марафондан тушган барча маблағлар Тошкент шаҳридаги театрлардан бирида тифлошарҳлар ёрдамида саҳна асарлари намойиш этиладиган тажриба лойиҳаси амалга оширилишига сарфланади. Бу заиф кўрувчи ва кўзи ожиз томошабинларга саҳна асари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Шунингдек, матбуот анжуманида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан инклюзив муаммоларга бағишланган тадқиқотлар олиб борилаётгани таъкидланди. Тадқиқот натижалари ярим марафоннинг таълимий дастури доирасида маълум қилинади. Матбуот анжумани доирасида тактил кўргазма ҳам ташкил этилди.
Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги