Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида
2019-10-31 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш соҳасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, бу борада ўтказилган таҳлил натижалари атроф- муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат функцияларини амалга оширишда комплекс ёндашув ва стратегик режалаштиришнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек, қўйилган вазифаларни самарали бажариш учун табиатни муҳофаза қилиш органининг ваколатлари етарли эмаслигидан далолат беради.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, республика аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолати учун давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва унда қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилсин:
атроф-муҳит объектларини (атмосфера ҳавоси, сув, ер, тупроқ, ер қаъри, биохилма-хиллик, қўриқланадиган табиий ҳудудлар) антропоген таъсир ҳамда бошқа салбий таъсир қилувчи омиллардан сақлаш ва сифатини таъминлаш;
экологик жиҳатдан энг кам хавф туғдирувчи материаллардан, маҳсулотлардан, ишлаб чиқариш объектлари ва бошқа объектлардан устувор даражада фойдаланиш;
қўриқланадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш;
заҳарли кимёвий ва радиоактив моддалардан экологик хавфсиз фойдаланишни таъминлаш;
чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг экологик хавфсиз тизимини такомиллаштириш;
аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари фаолиятининг шаффофлик даражасини ошириш ва фуқаролик жамиятининг ролини кучайтириш;
б) 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини 2019-2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилаб қўйилсинки, Концепция эришилган натижалар, мақсадли кўрсаткичлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тегишли даврга мўлжалланган асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан уч йил муддатга алоҳида-алоҳида тасдиқланадиган “Йўл хариталари” асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат экология қўмитаси):
2021 йил 1 декабргача бўлган муддатда “Йўл харитаси”ни амалга ошириш якунларини пухта ўрганиш асосида кейинги даврга мўлжалланган “Йўл харитаси” лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилишини таъминласин;
“Йўл хариталари” амалга оширилиши бўйича таъсирчан мониторинг юритсин.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири А.Ж.Раматов зиммасига – Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Т.Қўчқоров зиммасига – Концепциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
4. Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси ва жамоатчиликнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий (кейинги ўринларда – мораторий) жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилансинки:
а) мораторий 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача амал қилади;
б) мораторий амал қилиш даврида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома бериш ман этилади, ушбу бандда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;
в) мораторий:
табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарни санитар кесиш ва қирқишга;
ёғоч ва мевалар олиш учун ўстирилаётган дарахтлар ҳамда буталарни (терак ва тез ўсувчи бошқа навлар, тут плантациялари, мевали дарахтлар ва буталар) кесишга;
плантацияларда ўстирилаётган ва/ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки ҳисобланган дарахтлар ҳамда буталарни кесишга жорий этилмайди.
Вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари объектларни қуриш ва қуришни лойиҳалаштириш учун ер майдонларини танлаш ва ажратиш босқичида, шунингдек, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини (электр, газ ва сув таъминоти, канализация, темир йўл ҳамда автомобиль йўллари ва бошқалар) барпо этишда, шу жумладан, дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтказиш амалиётини қўллаш орқали уларнинг сақлаб қолинишини қатъий таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси дарахтлар ва буталарни ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш, уларга зарар етказиш ёки йўқ қилиш учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни икки ҳафта муддатда тасдиқласин.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Давлат экология қўмитаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ҳунармандларни ёғоч, шу жумладан, дарахтларнинг қимматбаҳо навларидан олинган ёғоч билан таъминлаш бўйича бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
Давлат экология қўмитаси 2020 йил 1 ноябргача бўлган муддатда дарахтлар ва буталарни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда, мораторийнинг амал қилишини узайтириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан таклиф киритсин.
6. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши Давлат экология қўмитаси билан биргаликда ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этган ҳолда, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари комиссиялари томонидан яшил дов-дарахтларни санитар қирқиш ва кесишда, шунингдек, уларни қайта ишлаш ва чиқиндиларини утилизация қилиш, шу жумладан, ёғочлардан тижорат мақсадида фойдаланишда экология талабларига риоя этилиши юзасидан назорат амалга оширилишини таъминласин.
7. Қуйидагилар:
Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ўзбекистон Экологик партияси билан биргаликда ёшларда атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни шакллантириш, табиатни сақлаш, ҳаво, сув ва тупроқ ифлосланишига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зиён етказилишига йўл қўймасликка қаратилган экологик акцияларни ташкил этиш;
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш республика марказининг атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш юзасидан йилига камида бир марта ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
8. 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг раиси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг бошлиқлари ҳар йили ҳудудда атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳолати тўғрисида тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳисобот тақдим этади;
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларининг бошлиқлари ҳар йили туманда (шаҳарда) атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳолати тўғрисида тегишли равишда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобот тақдим этади.
9. 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Давлат экология қўмитасининг давлат инспекторлари қуйидаги ҳолатлар аниқланганда тезкор назорат тадбирларини назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган билан олдиндан келишмасдан, ўтказилган текширув ҳақида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали текширув бошланган пайтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида ваколатли органни мажбурий равишда хабардор қилган ҳолда амалга оширади:
ёнувчи моддалар ва қурилиш материалларини бир жойга тўплаш ёки очиқ оловда ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича талабларга риоя этмаслик;
далалар ва аҳоли пунктларида махсус техник воситаларни қўлламасдан битумни эритиш, анғизни, тўкилган баргларни ва дарахт шохлари ёки бошқа ўсимлик қолдиқларини ёқиш;
оқава сувларни жой рельефига ёки очиқ ҳавзаларга, шунингдек, коммунал канализация тизимига нормадан ортиқча ёки рухсатсиз оқизиш;
табиий сув объектларидан сувдан махсус фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсатномасиз сув олиш;
дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш ёки йўқ қилиш, ёввойи ҳайвонларни (шу жумладан, балиқни) овлаш ёки қўлга киритиш;
чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик;
дарёлар, сойлар, кичик дарё ва кўлларнинг ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик.
10. Қуйидагилар:
2020 йил 1 январдан бошлаб “Евро-4”дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш;
2022 йил 1 январдан бошлаб “Евро-3”дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса “Евро-4”дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини “вақтинча олиб кириш” ва “эркин муомала (импорт) учун чиқариш” божхона режимига жойлаштириш;
2022 йил 1 январдан бошлаб заҳарлилик даражаси “Евро-4” экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизель двигателлари билан жиҳозланган “М” ва “N” тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни сотиш мақсадида “вақтинча олиб кириш” ва “эркин муомала (импорт) учун чиқариш” божхона режимига жойлаштириш ман этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган “М” ва “N” тоифалардаги ғилдиракли янги транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлигини экологик сертификатлаш тартибини икки ой муддатда тасдиқласин.
11. Давлат экология қўмитасининг ёввойи ҳайвонларни овлашга ва ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсатномалар бериш бўйича ўз ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларига бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
12. Давлат экология қўмитаси:
а) уч ой муддатда қуйидагиларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
давлат экологик экспертизаси ўтказилгунга қадар, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб (юқори ва ўртача хавф-хатар) фаолиятнинг мўлжалланаётган турлари бўйича атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳаларининг мажбурий жамоат муҳокамалари ва эшитишларини ўтказиш тартибини;
атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб (юқори ва ўртача хавф-хатар) фаолият турлари билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектларни тозалаш иншоотлари билан таъминланганлиги, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ уларни мажбурий ўрнатиш чора-тадбирлари амалга оширилганлиги юзасидан хатловдан ўтказиш тўғрисидаги таклифларни;
б) ғилдиракли транспорт воситаларини ишлаб чиқаришда “Евро-4”дан паст бўлмаган талабларни бажариш бўйича ғилдиракли транспорт воситаларини экспорт қилувчи давлатларнинг қонун ҳужжатларини идентификациялаш ёки мурожаатчилар томонидан тақдим этилган, мазкур ғилдиракли транспорт воситаларининг заҳарли моддалар чиқариш даражаси бўйича “Евро-4”дан паст бўлмаган экологик тоифа талабларига мувофиқ эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган, газ, бензин ва дизель двигателлари билан жиҳозланган “М” ва “N” тоифалардаги янги ғилдиракли транспорт воситалари учун экологик сертификатлар бериш ташкил этилишини таъминласин;
“Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзавтосаноат” АЖ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги “Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази” ДУК негизида ғилдиракли транспорт воситаларининг экологик тоифасини аниқлаш бўйича замонавий лаборатория комплексини ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
в) аҳолининг экологик маданиятини ошириш, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда кенг кўламли тарғибот фаолиятини ташкил этиш ишларини кучайтирсин;
г) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи “Чиқиндилар тўғрисида” янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
бешта хавф-хатар тоифаси тизими ўрнига саноат тармоқлари ва/ёки кимё-физик параметрлар асосида чиқиндиларни таснифлаш тизимини жорий этиш;
ишлаб чиқаришда чиқитсиз ва кам чиқитли технологияларни, шунингдек, кончилик ва қайта ишлаш корхоналари чиқиндиларини қайта ишлаш технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни иқтисодий рағбатлантириш;
саноат объектларида хавфли чиқиндиларни экологик хавфсиз сақлашни ташкил этишни таъминлаш;
ўзининг истеъмол хусусиятларини йўқотган ва таркибида хавфли моддалар мавжуд бўлган товарларни (симобли термометрлар, батарейкалар, таркибида симоб мавжуд лампалар ва бошқалар) йиғиш, фойдаланиш ва/ёки зарарсизлантириш тизимини ташкил этиш;
тиббиёт чиқиндиларини йиғиш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ва кўмиб ташлаш тизимини ташкил этиш.
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин:
Давлат экология қўмитаси давлат инспекторларининг текшириш ўтказишига тўсқинлик қилганлик, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳудудлари ва иншоотларини кўздан кечиришга қўймаслик ёхуд улар томонидан хизмат мажбуриятларини бажаришга бошқача тарзда тўсқинлик қилганлик, шунингдек, жисмоний ёки юридик шахсларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажармаганлиги учун жавобгарликни кучайтириш;
экологик экспертиза органларини қайта ташкил этиш ва оптималлаштириш, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига мансуб (маҳаллий таъсир) фаолият турлари бўйича атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материалларини соддалаштирилган шаклда тақдим этиш, ҳужжатларни топшириш ва қабул қилишнинг электрон тизимини жорий этиш, атроф-муҳитга таъсир кўрсатадиган фаолият турлари рўйхатини қайта кўриб чиқиш.
14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур Фармондан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш мақсадида Давлат экология қўмитасига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат бўйича таҳлил лабораториялари ва инспекцияларни биттадан махсус автотранспорт билан таъминлашни ҳисобга олган ҳолда, Давлат экология қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 184 та автотранспорт воситаларини сақлаш учун қўшимча лимит ажратсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларини, шунингдек, Концепция ва “Йўл харитаси” амалга оширилишини ёритишга оид мақолалар ва мавзуга оид телекўрсатувларни ташкил этсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ–5490-сон Фармони билан тасдиқланган Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
17. Давлат экология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 30 октябрь
Манба: ЎзА