Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
2019-10-31 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни комплекс ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолашнинг яхлит ва мустақил тизимини шакллантириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати механизмлари самарадорлигини ошириш, уларни янада ривожлантиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш учун илмий-амалий майдон яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида:
1. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Таъсисчилар кенгашининг институтни Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда – Марказ) этиб қайта ташкил этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
2. Маълумот учун қабул қилинсинки, қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:
халқ билан мулоқот ҳолати ва ривожланишини ўрганиш, давлат органлари фаолияти очиқлигини тизимли таҳлил қилиш;
фуқаролик жамияти ривожланишининг норматив-ҳуқуқий тартибга солиниши ҳолатини ва ушбу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли ўрганиш ва таҳлил қилишни ташкил этиш, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, жамоатчилик бошқарувида уларнинг иштирокини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишни ўрганиш ва таҳлил қилишни ташкил этиш, давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлиги, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларининг замонавий механизмларини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
фуқаролик жамияти ривожланишини, унинг институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлик даражасини, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшган ҳиссасини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкиллаштириш, улар асосида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ҳолати ва ривожланиш тенденциялари ҳақида даврий ва махсус илмий-таҳлилий маърузалар ҳамда бошқа материаллар тайёрлаш;
демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнларини, аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва бошқа вазифаларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини ўрганиш ва тизимли таҳлил қилиш;
рақобатдош кўппартияли тизимнинг ривожланиш даражасини тизимли таҳлил қилиш, сиёсий партиялар томонидан ўз электорати манфаатлари йўлида ўтказиладиган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, фуқаролар фаоллигини ошириш, шунингдек, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокининг муаммоларини тизимли ўрганиш;
фуқаролик жамиятини ташвишга солаётган долзарб масалалар бўйича илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва жамоатчилик эшитувларини ўтказишни ташкил этиш, уларнинг якунларини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, шу асосида социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий вазифаларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақида жамоатчилик фикрини тизимли ўрганишни ташкил этиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, тегишли ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш;
фуқаролик жамияти институтлари вакилларига тегишли профессионал кўникмаларини шакллантиришда ва ишбилармонлик малака даражасини оширишда кўмаклашиш;
давлат ва жамият ўртасида очиқ мулоқотни ташкил этиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, аҳоли билан қайта алоқа механизмларини йўлга қўйиш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг оптимал ёндашувларини ишлаб чиқиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда фуқаролик жамияти институтларига кўмаклашиш борасида ривожланган демократик давлатлар тажрибасини ўрганиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкилий-услубий ва ахборот жиҳатдан таъминлаш.
3. Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 115 нафардан иборат бўлган тузилмалари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.
Марказ директори, зарур ҳолларда, Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари тузилмаларига белгиланган умумий штат сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эгалиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Белгилансинки:
Марказ нодавлат нотижорат ташкилоти шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;
Марказ қайта ташкил этилаётган Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг ҳуқуқ, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Марказ директори лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши раҳбари ўринбосари ҳисобланади;
фуқаролик жамияти институтлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Марказ билан ҳам келишилади;
Марказ ўз вазифаларини бажариши учун шартнома асосида етакчи илмий, таълим ва таҳлилий, шу жумладан, хорижий муассасалар экспертларини жалб этиш ҳуқуқига эга;
давлат органлари раҳбарлари Марказга ҳар томонлама кўмаклашади, жумладан, Марказ ўз вазифаларини бажариши учун унга зарур шарт-шароитлар яратади, шунингдек, сўралган маълумотларни ўз вақтида тақдим этади, Марказ томонидан ўтказилган таҳлиллар якунлари бўйича киритилган материаллар ва тавсияларни кўриб чиқади;
2019 йил 1 ноябрдан Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Марказ ходимларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари икки баравар оширилган миқдорда қўлланилади.
Қайд этилсинки, ушбу банднинг саккизинчи хатбошисида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан субсидия шаклида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
5. Марказни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан таъминлаш тартиби сақлаб қолинсин.
Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштиришнинг қўшимча манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;
халқаро молия ва бошқа институтлар, чет эл ташкилотлари грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
хўжалик фаолияти ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан тушган тушумлар, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига, шунингдек, Марказнинг таъсисчи – ташкилотларига ҳар йили унинг буюртманомаларига биноан Марказ фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутиш тавсия этилсин.
6. Марказга:
фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари бўйича семинарлар, илмий ва эксперт муҳокамаларини мунтазам ўтказиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиларини ҳамда эксперт-таҳлил йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий ва бошқа таълим муассасалари талабалари (тингловчилари)ни иш ўрганувчи-тадқиқотчи сифатида жалб этган ҳолда илмий-ўқув лабораторияларини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирган ҳолда 2020-2022 йилларда Марказ ходимларини фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ихтисослашган етакчи хорижий тадқиқот ва таҳлилий институтларига иш ўрганиш учун юбориш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш тавсия этилсин.
7. Белгилансинки:
а) фуқаролик жамияти ривожланиши бўйича Марказ томонидан ўтказилган ўрганишлар ва таҳлилларнинг натижалари:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати йиғилишларида мунтазам муҳокама қилинади, якунлари бўйича тегишли чоралар кўрилади;
оммавий ахборот воситаларида, марказий давлат телеканалларида, матбуот нашрларида ва ушбу Марказнинг веб-сайтида доимий ёритилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамияти ривожланиши бўйича Марказ томонидан ўтказилган ўрганишлар ва таҳлилларнинг натижаларини парламент ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида кўриб чиқиш амалиётини жорий қилиш тавсия этилсин;
б) Марказ ҳар йили Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва уни ривожлантириш тенденциялари тўғрисидаги маърузани Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашига кўриб чиқиш учун киритади, у эса, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот беради.
8. Марказга уч ой муддатда фуқаролик жамияти ривожланишини, унинг институтларининг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ривожлантиришга, шу жумладан, 2030 йилгача бўлган даврда БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга ошириш доирасида қўшган ҳиссасини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
а) Марказ ҳудудий бўлинмаларининг эгаллаб турган биноларидан беғараз фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолишини таъминласин;
б) Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан:
Марказ ҳудудий бўлинмалари ўз вазифа ва функцияларини самарали бажариши учун зарур моддий-техник шароитлар яратиб берсин;
Марказ ҳудудий бўлинмалари буюртманомалари асосида бино ва хоналарни жорий таъмирлаш, уларни замонавий оргтехника, мебель ва зарур алоқа турлари билан жиҳозлаш бўйича ишларни ташкил этсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Марказга хорижий тадқиқот муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишда, тажриба алмашиш ҳамда замонавий услуб ва ёндашувлар асосида фуқаролик жамияти ривожланишини ўрганишни ташкил этиш ва таҳлил қилиш кўникмаларини такомиллаштириш учун уларнинг малакали мутахассисларини жалб этишда кўмаклашсин.
11. Марказ:
а) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилсин;
б) қуйидаги мажбурий жўнатмалар реестрига киритилсин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия, Иқтисодиёт ва саноат, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратураси, Олий суди, бошқа вазирликлар ва идораларнинг статистик маълумотлари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази бюллетенлари ва кунлик маълумотлари тўплами;
ижтимоий-иқтисодий соҳадаги хорижий матбуот шарҳлари ва илмий-тадқиқот институтларининг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институтининг таҳлилий маъруза маълумотномалари.
12. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Ж.Хаджаев ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимовга фуқаролик жамияти ривожланишини ўрганиш ва таҳлил қилиш натижалари оммавий ахборот воситаларида, марказий давлат телеканалларида, матбуот нашрларида доимий ёритилиши;
вазирликлар, идоралар, бошқа давлат органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларига Марказ ўз вазифаларини самарали амалга ошириши учун унга ҳар томонлама ва тўлиқ кўмаклашиш юзасидан шахсан жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–2851-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказни мазкур қарорга мувофиқ белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказишни амалга оширсин.
15. Марказ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 30 октябрь
Манба: ЎзА