Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Tbilisi Silk Road Forum: Янги Ипак йўли мамлакатлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

2019-10-29 | Туризм

Грузияда ўтказилган «Tbilisi Silk Road Forum» халқаро тадбирида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Мазкур форумнинг мақсади Янги Ипак йўли мамлакатларининг юқори мартабали сиёсатчилар, ишбилармонлар ва ҳамжамиятлар етакчилари ўртасида кўп томонлама мулоқот учун халқаро платформа сифатида хизмат қилишдан иборатдир. Бу эса, ўз ўрнида, минтақа ва дунё иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатувчи масалаларнинг умумий ечимини топиш имконини беради.   

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Фахриддин Давруков ҳам ушбу халқаро даражадаги тадбирнинг 21 октябрь куни бўлиб ўтган “Туризм соҳасидаги технологик имкониятлар учун Янги Ипак йўлининг салоҳияти” ялпи сессиясида қатнашди. Унда туризм соҳасига доир технологик ютуқларга доир видеоматериаллар намойиш қилинди.

Халқаро форум доирасида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Грузия Туризм миллий маъмурияти раҳбари Мариам Квривишвили ва туристик компаниялар вакиллари билан учрашув ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётида туризм секторининг тутган ўрни, сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда инвесторларни жалб қилишга оид қабул қилинаётган ҳужжатлар ва чоралар, яратилаётган имтиёз ва преференциялар, Ҳукумат томонидан виза режимини соддалаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, мамлакат туристик салоҳиятининг фаол тарғиботи ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон томондан икки давлатнинг туристик фаолият субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашнинг муҳим экани таъкидланиб, Грузия ва Ўзбекистоннинг салоҳиятли сайёҳлари учун аралаш турларни ташкил қилиш таклиф этилди. Шунингдек, Ўзбекистон томон Грузия Туризм миллий маъмурияти раҳбарияти ва туристик компанияларини 13-15 ноябрь кунлари пойтахтимизда ўтказиладиган XXV Тошкент халқаро туристик ярмаркасида қатнашишга таклиф қилди.

Грузия томон Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги тўғридан-тўғри авиарейснинг очилиши икки томонлама сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилишига умид билдирди. Икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон томон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Грузия Туризм миллий маъмурияти ўртасида бизнес, эко, тоғ ва гастрономик туризм турлари бўйича ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек кадрлар малакасини ошириш, олий таълим муассасаларида фойдаланиладиган дарсликлар, услубий қўлланмалар, дастурлар ва бошқа материаллар алмашинувини кўзда тутувчи идоралараро ҳамкорлик меморандумини имзолашни таклиф қилди.

Бунга жавобан Грузия томон туризмнинг алоҳида турларини ривожлантириш, меҳмон уйларини қуриш ва эксплуатация қилиш, шунингдек сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун тегишли экспертларни жалб қилишга тайёр эканини маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича қатор янги ҳужжатлар қабул қилинаётган бир даврда икки томонлама ҳамкорлик қилишга доир янги таҳрирдаги Ҳукуматлараро келишувни мувофиқлаштириш масаласини тезлаштиришга қарор қилинди. Тадбир якунига кўра, Грузияда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини намойиш қилиш мақсадида етакчи ОАВ вакилларини жалб қилган ҳолда промо-тадбирлар ташкил қилиш, шунингдек икки мамлакат туристик фаолият субъектлари учун «В2В» форматидаги учрашувлар ўтказишга доир келишувга эришилди.   

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться