Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида замонавий архитектура қиёфасини шакллантириш, қурилишни жадаллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди ва қурилиш соҳасида давлат бошқарувининг самарали механизмлари жорий этилди.
Шу билан бирга, таҳлиллар натижалари қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлашда бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан, манфаатдор шахслар ва жамоатчилик қурилиш ишлари боришини кузатиш имкониятига эга эмас, маблағлардан нотўғри фойдаланиш, объектларни ўз вақтида топширмаслик, қурилишда паст сифатли материаллардан фойдаланиш, қурилиш ишларига соҳанинг мутахассиси бўлмаган ходимларни жалб қилиш қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилишига олиб келмоқда, республика бюджети маблағлари, мақсадли жамғармалар ва буюртмачиларнинг ортиқча харажатларига сабаб бўлмоқда.
Қурилиш вазирлиги моддий-техник базасининг талаб даражасида эмаслиги қурилиш соҳасидаги давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилишига, жойлардаги қурилиш бошқармалари ва бўлинмаларининг фаолиятини самарали ташкил этишга тўсқинлик қилмоқда.
Қурилиш соҳасида коррупция ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичида жамоатчилик учун шаффофликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги «Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4464-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига бир қатор вазифалар белгиланган эди.
Қайд этилган Қарорда белгиланган вазифаларни сифатли бажариш, қурилишда шаффофликни таъминлашда хориж тажрибасини ўрганиш қўл келиши табиий. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов бошчилигидаги делегация Туркия Республикасига ташриф буюрди.
Сафар давомида делегация аъзолари қардош давлатнинг бир қатор идора ва ташкилотларида, хусусан, қурилиш соҳасида йўлга қўйилган ишларни ўрганиш мақсадида Кайсери, Метрополитан шаҳри ҳокимликларида бўлишди.
Делегация шунингдек, Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги вазирликларида ҳам бир қатор учрашувлар ўтказди.
Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазирининг ўринбосари Мужаҳит Демиртош билан учрашув чоғида қурилиш, шаҳарларни ўзгартириш ва урбанизация масалалари юзасидан фикр алмашилди. Учрашув чоғида вазир ўринбосари тўпланган тажрибаларни Ўзбекистонга етказишга тайёр эканликларини таъкидлаб, вазирликнинг муҳим фаолиятларидан бири бу мамлакатнинг фазовий стратегияси режасини тайёрлаш эканини айтиб ўтди. Ушбу режа туфайли қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик ҳудудлари ҳимоя қилиниб, атроф-муҳит ва табиатга сезгир бўлган янги саноат зоналари яратилади ва мамлакат иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшишда дунёда иккинчи ўринда туришини таъкидлади.
Бугунги кунда турк қурилиш компаниялари Ўзбекистонда 3 миллиард АҚШ долларлик 148 лойиҳани амалга оширмоқда. Жорий йилнинг январь ойида Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазирлиги урбанизация соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми лойиҳасини тақдим этган. Ушбу ўзаро англашув меморандуми орқали кўплаб соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш тезлашади ва икки мамлакат ўртасида билим ва тажриба алмашинуви таъминланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги