Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон мудофаа вазири Озарбайжонга жўнаб кетди
2019-10-29 | Хавфсизлик соҳаси
Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги ҳарбий делегация Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) га аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Озарбайжонга жўнаб кетди.
Ташриф давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон мудофаа идораларининг раҳбарлари иштирокида икки томонлама учрашув ўтказилиши режалаштирилган. Учрашув давомида ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик режасининг лойиҳаси ҳам имзоланиши кутилмоқда.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) га аъзо мамлакатлар Мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши эртага, 30 октябрь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтади. Унда Россия Федерацияси, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаларининг мудофаа идоралари раҳбарлари иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Мудофаа вазирлари кенгашининг бундан олдинги йиғилишига Ўзбекистон мезбонлик қилган эди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги