28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида БААдан келган экспертлар иштирокида келажакни шакллантириш ва Форсайт тизимини ўзлаштириш масалаларига бағишланган семинар машғулотлари бошланди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Бирлашган Араб Амирликлари Вазирлар Маҳкамаси ва келажак ишлари бўйича вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тренингда мамлакатимиз вазирлик ва идораларининг жами 300 га яқин масъул ходими иштирок этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифидан сўнг икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳалар қатори давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича ҳам ўзаро келишувга эришилди. Айни пайтда мазкур келишувга мувофиқ, БАА ҳукумати билан давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, Ўзбекистонда узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, соҳа учун зарур кўникмага эга кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш борасида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, БАА билан Ўзбекистон ўртасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича стратегик ҳамкорлик доирасида жорий йилда юртимизда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва бошқа қатор давлат органлари билан ҳамкорликда семинар-тренинглар, илмий-амалий конференциялар ташкил этилди. Иштирокчиларнинг “Фьючер Форсайт” (Future Foresight) тизими бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган навбатдаги семинар машғулотлари БАА Бош вазири маҳкамасининг Муҳаммад Ҳасан Аҳли бошчилигидаги экспертлар гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.
Форсайт келажакнинг қандай ривожланишини олдиндан ўрганган ҳолда, тўғри стратегик қарорлар қабул қилиш ва манфаатдор томонларнинг биргаликдаги фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган ёндашувлар мажмуидир. Ушбу тизим жараённи олдиндан кўра билишга, ўрта ва узоқ истиқболда юзага келиши мумкин бўлган имкониятлар ёки таҳдидларни аниқлашга ёрдам беради. Фикрлаш усули сифатида, форсайт, шунингдек, инновацияларни, стратегик баҳолаш ва келажакни фаол шакллантиришни ёқлайди.
Давлат бошқарувидаги анъанавий режалаштириш одатда муваффақиятсизликларнинг олдини олишни кўзлайди. Стратегик форсайт эса асосий эътиборни ташқи таъсирларга нисбатан чидам ҳосил қилиш, аниқроғи, эҳтимолий таҳдидларни олдиндан аниқлаш ва тезда тикланишга қаратади. Узоқни кўра билиш, вазиятга мослашиш ва барқарорликни таъминлаш, пировардида, давлат органларига вазиятни, воқеаларни фуқаролар учун фойдали, энг қулай оқимга солиш имконини беради.
Семинарда халқаро экспертларнинг давлат хизматчилари билим ва кўникмаларини оширишга, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга, келажакни прогнозлаштиришга кўмаклашишга қаратилган маърузалари тингланди. Хорижлик мутахассислар билан давлат бошқарувида фойдаланиш мумкин бўлган воситалар, прогнозлаштириш услублари, вазиятларни моделлаштириш бўйича тажриба алмашилди.
Халқаро семинар-тренинг машғулотлари 1 ноябргача давом этади.
Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА
Манба: ЎзА