Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги очиқлик ва шаффофликка қандай эришди?
2019-10-28 | Жамият
Ҳозирги кунда ҳукуматнинг ахборот жиҳатидан очиқлиги демократик жамиятнинг устувор жиҳати, давлат органлари томонидан қарорларнинг қабул қилиниши ва ижросига конструктив таъсир усули ҳисобланади.
“Ҳаракатлар стратегияси”да давлат аппарати фаолияти очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тегишли ахборотни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш жараёнининг устувор йўналиши сифатида белгилаб қўйилган. Амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳокимиятнинг барча даражаларида татбиқ этилаётган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғоя мужассам.
“Очиқлик” ўзи нима?
Ижрочиларнинг фикрича, очиқлик — бу ҳокимият органи режалари, натижалари ва жорий фаолиятига доир тезкор маълумотларни олиш имконияти, меъёрий-ҳуқуқий базанинг очиқлигидир.
Бизнес-ҳамжамият вакиллари учун эса — бу келиб тушган мурожаатларга тезкор жавоб бериш ва уларнинг жорий фаолиятдаги ҳисобини юритиш, танлов тартиб-таомилларининг очиқлиги ва холислигидир.
Экспертлар ҳамжамияти учун — бу матбуот хизматлари фаолияти, жамоат кенгашлари билан ўзаро алоқа, мурожаатлар билан ишлаш ҳақида маълумот беришдир.
Умуман олганда очиқ давлат учта асосий тамойил асосида шаклланади: бу одамларга давлат органлари фаолиятига доир сифатли, тушунарли ва холис маълумотни тақдим этиш, уларни давлат аҳамиятига молик қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб қилиш ва жамоат назоратини амалиётга жорий этишдир. .
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги тўғрисида”ги Қонун фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотдан фойдаланишнинг ҳуқуқий кафолатлари, давлат органларининг жамият билан ахборот соҳасидаги ўзаро алоқасининг аниқ механизмларини белгилаб берди. Маълумки, бир йилда икки марта давлат органларининг очиқлик борасидаги рейтинги чоп эталади. Адлия вазирлиги ўтган йилнинг 1 июль ҳолатига биринчи қатордан мустаҳкам ўрин олган.
Экспертларнинг фикрича, бунга тўлиқ асос бор. Сўнгги йил давомида Адлия вазирлигининг аҳоли, ОАВ билан ўзаро алоқа тизими сезиларли равишда ўзгарди. “Ишонч телефонлари” фаолият кўрсатмоқда, кўп тармоқли Call-центр хизмати йўлга қўйилган бўлиб, 1008 қисқа рақами орқали фуқаролар юртимизнинг турли бурчакларидан мурожаат йўллаши мумкин. Ўтган йил якунларига кўра, Адлия вазирлигига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида 28 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 20 676 таси белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, 13 мингдан ортиғи (66 фоиз) қаноатлантирилган.
Вазирлик мутахассисларининг аҳолини қийнаётган ва адлия органлари аралашувидан сўнг қонуний ҳал қилинган масалалар бўйича босма ва интернет-нашрлар, телевидение ҳамда радиода 25 мингдан зиёд чиқишлари ташкил этилди. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, уларга ўз вақтида ойлик маоши тўланмаслиги билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, фермер ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш шулар жумласидандир.
Виртуал мулоқот
Иш фаолиятида ахборот технологияларининг қўлланилиши билан одамлар ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими кучайиб бормоқда. Учрашувларнинг “юзма-юз” формати онлайн-мунозаралар ва интернет-мулоқот орқали тўлдирилмоқда. Бу кенг доирадаги масалалар бўйича тескари алоқанинг энг тезкор воситаларидан биридир. Адлия вазирлигида замонавий технологияларнинг имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
Шу тариқа, Адлия вазирлигининг расмий веб-сайти орқали тармоқ фойдаланувчилари адлия органлари ва муассасалари фаолияти йўналишларига доир маълумотларини олмоқда. Telegram мессенжеридаги “Huquqiy axborot” (“Правовая информация”) каналлари 190 минг нафардан ортиқ аъзога эга. Унда ҳар куни қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга оид ахборот жойлаштириб борилади.
Адлия органлари ва муассалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, Адлия вазирлигини уларнинг фаолиятидаги хатоликлар ва камчиликлар хусусида тезкор равишда хабардор қилиш мақсадида Facebook ижтимоий тармоғида “Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией” саҳифаси очилган. Ўтган йил давомида мазкур каналлар орқали беш мингга яқин мурожаат келиб тушган. Фуқароларга жавоблар қайтарилган ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Бундай саҳифалар бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам бор.
“OpenJustice”
“Open Justice” (“Очиқ адлия”) ижтимоий дастури яна бир янгиликлардан биридир. Унинг аҳамияти ўз фаолиятининг максимал даражадаги очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, тизимда коррупцияга қарши кураш бўйича самарали механизмни жорий қилиш, жамоатчиликни вазирлик фаолиятидан ҳабардор қилишга қаратилган. Аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Open Justice” (“Очиқ адлия”) дастури ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.
Дастурнинг аҳамияти нимада?
Тасвирга олиш ва ёзиб олиш мумкин. Адлия вазирлиги жамоатчиликни эҳтимолий коррупция хатарлари ва кўринишлари, ходимлар томонидан ваколатларнинг суистеъмол қилиниши ёки ҳаракатсизликни аниқлашга чақиради. Шу мақсадда фуқаролар томонидан адлия органлари ва муассасаларида аудио ва видеотасвир воситаларидан фойдаланишга рухсат этилади.
Ҳужжат лойиҳасини ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиш. Ижтимоий тармоқларда жамиятда катта резонансга сабаб бўлаётган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари бўйича ҳуқуқий экспертиза хулосалари ҳам жойлаштириб борилади.
Мурожаат йўллаш — осон. Мурожаат йўллаш тартиби соддалаштирилади. Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жисмоний ва юридик шахслар адлия органларига юборилган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориши мумкин. Адлия органлари ходимларининг ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги юзасидан келиб тушган асосли шикоятлар ҳақида маълумот олиш имконини берувчи махсус платформани ишга тушириш кўзда тутилган.
“Open Space”: ўзаро назорат. Вазирлик бинодаги хоналар жойлашувини ҳам қайта кўриб чиқди. Ходимлар бир-бирларини ҳеч қандай тўсиқсиз кузатиш мумкин бўлган кенг жойларда жойлаштирилмоқда. Вазирликка келган фуқаролар, шунингдек, ҳар бир ходим нима билан шуғулланаётганини кўриши мумкин. Содда қилиб айтадиган бўлсак, энди ҳатто деворлар ва эшиклар ҳам шаффофликни таъминлайди. Мазкур усул коррупция ҳолатларининг олдини олади.
Очиқ эшиклар куни. Йилига камида икки марта Адлия вазирлиги марказий аппарати, Давлат хизматлари агентлиги, адлия органлари ва муассасаларида Очиқ эшиклар куни ўтказилади.
Шаффоф бюджет. Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмалари молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар вазирликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириб борилади.
Адлия ҳисобот беради. 2018 йил якунига кўра Адлия вазирлиги очиқ фойдаланишдаги “Адлия ҳисобот беради” махсус рисоласини тайёрлаб, жойлаштирди. Эндиликда мазкур ҳисобот анъанавий равишда ҳар йили тақдим этилади.
Лавозимга онлайн-трансляция орқали тайинлаш
Ходимларни аттестациядан ўтказиш, уларни интернет тармоғида реал вақт режимида трансляция орқали юқори лавозимларга тайинлаш бўйича танловлар ташкил қилиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Бу кадрлар сиёсати шаффофлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир.
Бундай ёндашув икки йилдан бери нотариусларни вакант лавозимларга тайинлаш бўйича ўтказилаётган танловлар давомида қўлланилмоқда. Улар жараённи интернет тармоғида тўғридан-тўғри трансляция қилиш орқали шаффоф ва очиқ тарзда ташкил этилмоқда.
Давлат органлари ва фуқаролар ўртасида ўзаро муносабатларнинг масофавий шакллари кенг жорий этилмоқда. Шу тариқа, 2018 йилнинг 1 февралидан нотариал хизматлар учун тўловларни электрон мобиль иловалар орқали амалга ошириш мумкин бўлди. Бу ҳолда тўлов квитанциялари автоматик равишда шакллантирилиб, биллинг тизими орқали берилади. Жорий йилнинг 1 июнидан эса нотариуслар фаолиятига СМС-хабар электрон тизими жорий этилди.
Вазирликнинг Ҳайъат йиғилиши доимо видео-конференцалоқа форматида ОАВ ва жамоатчилик иштирокида ўтказилади. Очиқ ҳайъат йиғилишларини ўтказиш режалари, жумладан, йиғилишлар кун тартиби лойиҳалари, уларни ўтказиш санаси, жойи ва вақти, уларда иштирок этиш тартибига доир маълумотлар доимий равишда расмий веб-сайтда жойлаштириб борилади.
Адлия вазирлигида жамоат назорати ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан эканини яхши англашади. Бу шунингдек фуқароларнинг давлат органларига ишончининг муҳим мезонларидан бири саналади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги