Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотлар ходимларидан таркиб топган жамоалар ўртасида футбол (эркаклар) ва волейбол (хотин-қизлар) бўйича “Бош вазир кубоги“ мусобақаси ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан ташкил этилган мусобақада турли ташкилотлар ҳаваскор футболчиларидан иборат 64, волейбол бўйича эса 11 жамоа иштирок этди.
27 октябрь куни пойтахтимиздаги “Миллий“ стадионида футбол мусобақаси финал босқичи ва ғолиб жамоаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Футбол бўйича финал ўйинида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва “Ўзбектелеком” АК жамоалари куч синашди. 1-0 ҳисобида ғалаба қозонган Олий суд йигитлари биринчи ўринни қўлга киритди. Учинчи ўрин Сув хўжалиги вазирлиги жамоасига насиб этди.
Волейбол мусобақасида “Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ жамоаси биринчи, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хотин-қизлари иккинчи, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиб жамоаларга “Бош вазир кубоги“ни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тантанали топширди. Шунингдек, эсдалик совғалари, дипломлар берилди. Мусобақа иштирокчилари турли номинациялар бўйича ҳам тақдирланди.
Спорт мусобақаси санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар билан якунланди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА