Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АКТ вазири Корея Республикаси Инҳа университети президенти билан учрашди
2019-10-28 | Технологиялар
28 октябрь куни куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Вазир Ш. Содиқов Корея Республикасидаги Инҳа университети президенти жаноб Мёнг Ву Чо билан учрашуви бўлиб ўтди.
АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ушбу ташриф натижасида бугунги кунда икки мамлакат ўртасида ахборот технологиялари соҳасида улкан натижаларга эришилганини қайд этди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қисқа вақт давомида, мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи олий ўқув юртларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлади.
Томонлар ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги ҳамда бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашув давомида икки томонлама манфаатли истиқболли йўналишлар, жумладан, АКТ масалаларида тажриба алмашиш, ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бошқа муҳим масалаларни муҳокама қилинди.
Маълумот учун:
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети фаолиятини “Компьютер инжениринг" ва “Дастурий инжениринг" йўналишлари бўйича бошлаган эди.
2016 - 2017 ўқув йилидан бошлаб “Логистика" йўналиши ҳам очилди. Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 1548 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Университетда академик жараённи амалга ошириш ҳамда илмий салоҳиятни шакллантиришда бир қатор мамлакатлар, хусусан АҚШ, Буюк Британия, Италия, Болгария, Ҳиндистон, Покистон, Россия ва бошқа давлатлардан келиб фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ҳам ўзларининг катта ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
2018 йил Тошкент шаҳридаги Инҳа университети битирувчиларнинг 85 фоизи ўз мутахасисликлари бўйича ишга жойлашди. 15 фоизи Германия, Швецария, Франция, Норвегия, Венгрия, Англия, Чехия, Жанубий Корея ва бошқа Европа мамлакатларидаги университетларнинг магистратура йўналиши бўйича ўқишга кирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги