Нукус шаҳрида БМТ шафелигида “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманда иштирок этган 200 дан ортиқ меҳмон – хориж давлатлари дипломатик корпуслари, халқаро экологик ташкилотларнинг вакиллари, соҳа мутахассислари аввал Орол инқирози оқибатлари, уни бартараф қилиш бўйича инвестицион лойиҳаларга бағишланган кўргазмалар билан танишди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Президентимизнинг конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг анжуман иштирокчилари йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Борий Алихонов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенесининг Раиси Муса Ерниязов, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман, БМТ Бош котиби ёрдамчиси Абдулайе Дьейе, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги махсус вакили Питер Буриан сўзга чиқди.
Тадбирнинг асосий мақсади экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, яшил иқтисодиёт тамойилларини, экологик тоза, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни комплекс амалга ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайдиган технологияларни жорий этиш, чўлланишнинг олдини олиш, экологик миграция ва экотуризмни ривожлантиришдир.
Орол денгизининг қуриши миллий, ҳатто минтақавий чегаралардан ташқарига чиқадиган фожиадир. Шубҳасиз, бу экологик, иқлимий, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар оқибатларга олиб келадиган, инсон фаолияти натижасида юзага келган энг катта глобал экологик офатлардан бири бўлиб, Ўзбекистон ва Орол денгизи минтақаси мамлакатларининг барқарор ривожланишига бевосита таҳдид солади, шунингдек, глобал экотизимга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Орол денгизи фожиаси минтақадаги иқлим шароитини ёмонлаштирди.
Афсуски, Орол денгизини тўлиқ тиклаш энди мумкин эмас, аммо у билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш мумкин. Орол денгизи инқирозининг атроф-муҳитга ва Орол денгизи минтақасида яшовчи миллионлаб одамларнинг турмуш тарзига ҳалокатли таъсирини камайтириш, шунингдек, иқлим таъсирининг янада ёмонлашуви олдини олиш ҳозирги замоннинг энг муҳим вазифасидир.
Конференцияда Президентнинг учта ташаббусини илгари суриш: Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини ташкил этиш концепцияси лойиҳаси, Оролбўйи минтақасини “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш тўғрисидаги БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур тақдимоти ва муҳокамаси ўтказилди.
Анжуман доирасида экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш, “яшил иқтисодиёт”, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологиялар тамойилларини комплекс татбиқ этиш, чўлланиш ва экологик миграциянинг давом этишига барҳам бериш ва экотуризмни ривожлантириш йўналишларида йиғилишлар ташкил этилди.
Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА
Манба: ЎзА