Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг АҚШдаги Элчихонаси ва Бош консулхонаси парламент сайловига тайёргарлик кўрмоқда
2019-10-28 | Сайлов
2019 йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг семинари бўлиб ўтиб, унда республикада 22 декабрда ўтказиладиган парламент сайловига тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди. Семинарда илк бор Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхонаси билан видеоалоқа орқали боғланилди.
Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги Элчиси Жавлон Вахабов Америка Қўшма Штатлари ҳудудида иккита сайлов участкаси - Вашингтон шаҳридаги Элчихонада 12-сон ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонада 33-сон сайлов участкалари ташкил этилганлиги тўғрисида ахборот берди. Иккила участка сайлов комиссияларининг таркиби шакллантирлган.
Дипломатик ваколатхоналар томонидан АҚШ ва Канада ҳудудида вақтинча ёки доимий яшайдиган Ўзбекистон фуқаролари ўртасида сайловчилар рўйхатини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Дипломатик миссия берган маълумотга кўра ҳозирги пайтда консуллик рўйхатида турувчи Ўзбекистон фуқароларининг умумий сони 3700 кишини ташкил этиб, уларнинг 740 нафари Вашингтон шаҳридаги Ўзбекистон Элчихонасида ва 2960 нафари эса Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонада консуллик рўйхатига олинган.
Бўлажак парламент сайловида сайлов участкаларидан узоқда яшовчи ватандошларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш учун Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари томонидан диаспора ташкилотлари, жумладан Туркистон-Америка ассоциацияси (Нью-Йорк шаҳри), АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари конгресси (Нью-Йорк шаҳри), Катта Филаделфиядаги ўзбекистонликлар ҳамдўстлиги (Пенсильвания штати), “Ватандош” ташкилоти (Пенсильвания штати), Чикаго шаҳридаги Ўзбекистон-Америка ассоциацияси (Иллинойс штати), Атлантадаги ўзбек жамияти (Жоржия штати), Америка давлатларидаги Ўзбекистон ёшлар ассоциацияси (Вашингтон шаҳри) ва ўзбекистонликларнинг бошқа бирлашмалари билан биргаликда кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бўлажак сайловида АҚШнинг нуфузли халқаро кузатувчилари иштирок этишини таъминлаш учун Элчихона Ўзбекистон Сенати раҳбарияти билан биргаликда Вашингтон шаҳрида АҚШ конгрессменлари, сиёсий арбоблари ва ноҳукумат ташкилотларнинг экспертлари иштирокида қатор брифинглар ўтказилиб, ҳамкорларга сайловга тайёргарлик кўришнинг бориши, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва сайлов шаффофлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Тадбир чоғида хориждаги дипломатик ваколатхоналар ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида парламент сайловини ўтказишга оид ташкилий масалалар бўйича Ўзбекистон МСК раҳбарияти томонидан қўшимча тавсиялар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги