“Америка ғарбида тўртта миллий ўрмон мавжуд бўлиб, уларда дам олиш масканлари барпо этилган. Зеро, халқаро тажрибага кўра, ўрмон ҳудудида дам олиш маскани фаолиятини ташкил этиш учун танланган жой автотранспорт қатнайдиган йўлдан камида беш километр узоқда жойлашган ва ҳудуди 50 гектардан кам бўлмаслиги шарт. Шунингдек, бу масканларда отда сайр қилиш, балиқ тутиш ва ҳайвонларни овлаш каби хизмат турлари ҳам жуда муҳим. Билишимча, бу каби хизматлар Ўзбекистонда энди-энди ривожланмоқда”.
Ушбу мулоҳазаларни АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўрмон хизмати вакили Эндрю Риднинг Паркент туманидаги Сўқоқ дам олиш масканида ўтказилган ўрмон туризмини ривожлантириш истиқболларига бағишланган семинарда алоҳида қайд этди.
Унда иштирок этган Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти вакиллари бу борадаги мавжуд дунё тажрибаси билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, ўрмон хўжаликларида самарали фаолиятни ташкил этиш услублари, қўриқланадиган ҳудудлар атрофида истиқомат қиладиган аҳоли хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган долзарб муаммоларни ечимлари хусусида ҳам тажриба алмашилди.
– Мичиган университетининг магистратура босқичида Шарқий Европа ва Россия ҳудудлари бўйича, янада аниқроқ айтсам айнан Сибир ўрмонлари мавзусида илмий иш ёқлаганман, – дейди АҚШ халқаро ўрмон хизмати дастурининг Россия, Европа ва Евроосиё бўйича директори Лара Петерсон. – Шарқий Африкада истиқомат қилган пайтларим ва Евроосиё минтақаси бўйлаб сафарим давомида ўрганган барча амалий билим ва кўникмаларимни ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан ўртоқлашмоқчиман. Хусусан, қўриқланадиган ҳудудларнинг бошқаруви борасида ўз мулоҳазаларимни билдирдим. Бу борада ҳамкорлик қиламиз.
Анжуманда ўқув гуруҳи ташкил этилиб, замонавий экологик билимлар борасида ҳам кенг ва атрофлича маълумотлар берилди.
Манба: ЎзА