Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинган сана арафасида Khan Academy Oʻzbek - биринчи онлайн таълим платформасининг очилиши бўлиб ўтди
2019-10-18 | Таълим
Тошкентдаги INHA университети конференциялар залида Khan Academy Oʻzbek – ўзбек тилидаги биринчи бепул онлайн платформасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир онлайн мактаб асосчилари қаторида, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистондаги элчихона ва дипломатик муассасалар вакиллари, шунингдек, энг яхши ўқитувчилар ва фан олимпиадалари ғолибига айланган ўқувчиларни бирлаштирди.
Тадбир давомида таълим тизимида янги саҳифалар очувчи ва таълимга янгича ёндашишга чорловчи мукаммал контент намойиш қилинди. Фахрли меҳмонлар қаторидан Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши раиси – Алишер Саъдуллаев, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори - Сарвар Бобохўжаев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази етакчи илмий ходими Афтондил Эркинов, филология фанлари доктори - Халқ таълими вазири ўринбосари – Иброхим Жўраев, Тошкентдаги ИНҲА университети ректори в.б. – Музаффар Жалолов, АҚШ элчиси ўринбосари Алан Мельцер, ташкилотчилар номидан эса тадбиркор, Khan Academy Oʻzbek бепул онлайн таълим платформаси асосчиси Ботир Орифжонов, шунингдек, ҳамасосчилар Умид Ишмухамедов ва Нигора Орифжоновалар жой олишди.
Тадбир куни қатнашчилар платформа билан яқиндан танишиш, таълим соҳасидаги мутахассис ва экспертлар билан суҳбатлашиш, Khan Academy Oʻzbek жамоаси эса ўз фаолияти ҳақида кенг маълумот бериш имкониятига эга бўлди.
Очилиш маросими спикерлари тадбирга келган меҳмонларга платформа ҳақида намойишларни кўрсатишди ва жамоада қандай вазифаларни бажариши ва Khan Academy Oʻzbek режаларини амалга оширишда нима туртки бўлганлиги ҳақида сўзлаб беришди.
Сўнг саҳнада контент яратувчилари, шунингдек, таълимни ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшган ҳомийларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Лойиҳа асосчилари тантанали равишда платформани ишга туширишди. Шундан сўнг, Алишер Саъдуллаев, Иброхим Жўраев, Сарвар Бобохўжаев, Афтондил Эркинов, Зафар Хашимов, Ботир Орифжонов, Умиджон Ишмухамедов ва модератор сифатида сессияни олиб борган Наби Тоғаев(Khan Academy Oʻzbek жамоаси аъзоси) иштирокида «Нима учун Ўзбек тилидаги контентини ривожлантириш керак? Онлайн таълимнинг устунликлари» мавзусида панел сессияси бўлиб ўтди.
Тадбир ҳамкорлари
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.10.2019 санасидаги 14-14 / 1-2421-сонли баённомасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Абдухакимов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши, Тошкентдаги ИНҲА университети, Les Ailes ва Mfaktor компаниялари кўмагида бўлиб ўтди.
Khan Academy Oʻzbek ҳақида маълумот:
Khan Academy Oʻzbek — бу ўзбек тилидаги илк онлайн таълим мактаби. Хан академиясига 2006 йилда америкалик Салмон Хон томонидан асос солинган. У бошқа штатда истиқомат қиладиган жиянига математика бўйича масофадан туриб сабоқ бериш учун дарсларни видео шаклида ёзиб, youtube тармоғига жойлаштириб боради. Бу орада унинг видеосабоқлари бошқа фойдаланувчилар орасида ҳам кенг тарқалади. Шу тариқа академиянинг илк асоси қўйилган.
Khan Academy онлайн тарзда мустақил билим олишга мўлжалланган платформа ҳисобланади. У математика, физика, кимё, биология, иқтисодиёт, инглиз тили грамматикаси, тиббиёт, астрономия, молия, тарих каби фанлар бўйича 10 мингдан зиёд видеодарслар ва 100 мингдан ортиқ мавзулаштирилган интерактив машқларни жамлаган жуда катта қамровли платформа бўлиб, ҳар ким ўзи истаган тилда, қулай вақт ва жойда керакли фан бўйича билимларни олиши мумкин. Видеолар 5-6 дақиқалик микромаърузалардан иборат. Ҳар бир видео муайян фан бўйича битта тушунчани тушунтиришга йўналтирилган. Мазкур мавзу юзасидан билимларни синаш учун интерактив машқлар ҳам тақдим этилади.
Khan Academy контенти бугунги кунда 36 та тилга таржима қилинган бўлиб, ундан 190 дан ортиқ давлатда 63 миллионга яқин одам фойдаланади. Аҳамиятлиси, платформадан фойдаланиш мутлақо бепул.
Платформани ўзбек тилига ўгириш билан «Bilim Onlayn» ННТ шуғулланади.
Khan Academy Oʻzbek`нинг мақсади ва вазифалари:
• Онлайн таълим учун контент яратиш
• Ўзбек тилида контент яратиш
• Аниқ ва табиий фанларни дунё миқёсида ўрганиш имкониятини тақдим қилиш
• Халқаро тажрибани ўрганиш
• Ўзбекистонга мос ўзимизнинг контентни яратиш
Бугунги кунга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришилди:
• 2,8 миллионта сўз ўзбек тилига таржима қилинди;
• Биринчи фан — бошланғич математика видео ва матн материаллари тўлиқ таржима қилинди;
• Дастлабки 315 та видеодарслар яратилди ва Youtube`даги каналимизга юкланди.
Платформа uz.khanacademy.org манзилида ишга туширилган.
Нима учун бу муҳим?
Ушбу платформа миллионлаб одамларга нафақат Ўзбекистонда, балки ўзбек тилида сўзлашувчи бошқа мамлакатларда яшайдиганлар учун ҳам сифатли ва бепул таълим олиш имкониятини беради.
Шахсий ўқитувчи билан шуғулланиш имконияти бўлмаган болалар ҳам ўзбек тилида дунё стандартларига жавоб берадиган билимни ҳамма жойда, исталган вақт ва бепул олишлари мумкин.
Платформа индивидуаллаштирилган бўлиб, у тескари синфхона методини қўллаш имконини беради, яъни Khan Academy видеолари ўқувчиларга уйга вазифа қилиб берилиши, синфда эса уларга тушунарли бўлмаган жойларигина муҳокама қилиниши мумкин.
Бизнинг ҳомийлар:
UMS
Digital Trust,
EBRD
KNAUF
Murad Buildings
B&B
Les Ailes
Mavis
Greenwhite Solutions
Korzinka.uz
Шу кунга қадар дунёнинг турли нуқталаридан бўлган 800 га яқин донорлар ёрдамида жами 200 минг АҚШ доллари йиғилди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кўмагида “Bilim Onlayn” ННТ томонидан амалга оширилади.
Саволлар бўйича қуйидаги рақамларга боғланишингиз мумкин:
+998 (90) 187 23 03
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги