Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент Термиздаги “Оила” марказини бориб кўрди
2019-10-18 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси фаолияти билан танишди.
Ўтган йили фойдаланишга топширилган уч қаватли бинода вилоят ва Термиз шаҳар “Оила” марказлари, “Оила” кутубхонаси, ўқув заллари, фуқароларни қабул қилиш хонаси жойлашган. Шунингдек, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими, “Барқарор ҳаёт” нодавлат нотижорат ташкилоти, Омбудсманннинг вилоят бўлими ва бошқа жамоат ташкилотларига ҳам хоналар ажратилган. Бу уларнинг марказ билан яқин ҳамкорликда ишлашида муҳим ўрин тутмоқда.
Кенг ва ёруғ хоналар замонавий жиҳозланган. Марказ қошида масус ўқув курслари ҳам ташкил этилган.
Вилоятда 600 мингга яқин оилалар мавжуд. Шундан 149 мингдан зиёди ёш оилалардир. Марказ ходимлари “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, ажримларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Оилавий муносабатлар ва муаммолар бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари оила қадриятларини ўғил-қизларга ёшлик чоғларидан тўғри тушунтириш, ҳозирги оилавий муаммолар бўйича илмий ишлар қилиб, ҳаётга татбиқ этиш, хотин-қизлар билан ишлайдиган мутахассисларнинг билимини ошириш зарурлигини таъкидлади. Асл миллий урф-одатларимизни асраб-авайлаш, ёт ғоя ва расм-русумлар пайдо бўлиши сабабларини тушунтириб, ёшлар онгини улардан ҳимоя қилиш юзасидан тавсиялар берилди.
Шу ерда Вазирлар Маҳкакамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, хотин-қизларни касбга қайта тайёрлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан Президентимиз Сурхондарёга икки кунлик сафарини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти