Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент ҳарбийларнинг фарзандлари учун қурилган боғчага ташриф буюрди
2019-10-17 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мактабгача таълим тизимини юксалтириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий боғчалар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.
Сурхондарё вилоятида ўтган йили 288 мактабгача таълим муассасасида 3-7 ёшли болаларнинг 11,6 фоизи қамраб олинган бўлса, айни пайтда 355 та давлат ва 177 та нодавлат боғчада жами болаларнинг 24,3 фоизи тарбияланмоқда. Йил охиригача бу кўрсаткични 32,3 фоизга етказиб, 74 минг ўғил-қизни замонавий боғчаларга қамраб олиш режалаштирилган.
Денов туманидаги Боғи Эрам маҳалласида «Меҳнат фаровон ҳаёт» фермер хўжалиги томонидан 150 ўринли “Смарт кидс” нодавлат мактабгача таълим муассасаси барпо этилди. Икки қаватли мазкур боғча чет тилларга ихтисослашган бўлиб, болалар инглиз, рус ва корейс тиллари бўйича бешта гуруҳда тарбияланади. Бундан ташқари, боғчада спорт, мусиқа ва санъат турлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
Мактабгача таълим муассасасида асосан шу ҳудуддаги ҳарбий шаҳарчада яшаётган ҳарбийларнинг, шунингдек, маҳаллий аҳолининг фарзандлари тарбияланмоқда. Боғчага ишга қабул қилинган 22 тарбиячининг 14 нафари ҳарбийларнинг турмуш ўртоқларидир.
Давлатимиз раҳбари боғчада яратилган шароитларни кўздан кечирди, тарбиячилар билан мулоқот қилди. Боғча тарбияланувчилари Президентимизга Бешта ташаббус ҳақида шеър айтиб берди. Давлатимиз раҳбари болаларга совғалар топширди.
Президентимиз боғчаларда болалар маънавий бой бўлиб улғайишига кўпроқ эътибор қаратиш, боғчани қурган тадбиркорнинг хайрли ишини кенг тарғиб қилиш кераклигини таъкидлади.
– Тадбиркорларимизнинг шароитни тушуниб боғчалар қураётгани ҳозирги сиёсатимизга кўмак, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бундай боғчалар асосий эътиборни бола тарбиясига қаратади, давлат боғчалари билан рақобатда ишлайди.
Шу ерда Мактабгача таълим вазирлиги ва «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси томонидан ишлаб чиқилган мобиль ва модуль боғчалар тақдимоти ўтказилди.
Маълумки, олис ва чекка ҳудудлардаги кам хонадонли аҳоли пунктларида боғчалар қуриш ўзини оқламайди. Шуни ҳисобга олиб, мобиль боғчалар таклиф қилинмоқда. Бунинг учун «Исузу» автобуси боғча хонаси кўринишида модернизация қилиниб, жиҳозланди. «Ақлвой» деб номланган мобиль боғчалар чекка ҳудудларга бориб, болаларга кундуз куни таълим-тарбия беради. Яна бир жиҳати, мобиль боғчалар учун 2 сотих ерда ўйин майдончаси барпо этилади. Бу болаларга анъанавий боғчалардагидек шароитда тарбияланиш имконини беради.
Денгиз контейнерларидан қурилган модуль боғчаларда 90 нафаргача болани қамраб олиш мумкин. Бундай боғчалар сирти иссиқ ва совуқ ўтказмайдиган материал билан қопланган, унинг ичида ҳам замонавий боғчалардаги каби шароитлар яратилган. Болаларнинг таълим олиши, турли ўйинлар ўйнаши, ухлаши учун яратилган қулайликлар чет эл тажрибасига тўла мос келади.
Янги лойиҳаларни мактабгача таълим тизимида кенг ёйиш, мамлакатимизда боғчалар қамровини келаси йилда 50 фоизга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти