Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент давлат стоматология институти Қозоғистонда қўшма факультет очади
2019-10-16 | Соғлиқни сақлаш
Мамлакатимиздаги етакчи тиббий-илмий муассасалардан бири – Тошкент давлат стоматология институти куни кеча Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси билан қўшма факультет ташкил этиш бўйича шартнома имзолади. Мазкур факультет 2020–2021 ўқув йилидан Жанубий Қозоғистон тиббиёт академиясида ўз фаолиятини бошлайди ва таълим жараёни кредит – модуль тизими асосида амалга оширилади.
Айтиш керакки, мамлакатимизда кейинги йилларда илм-фан ва таълимнинг барча йўналишлари каби тиббий таълим тизими ҳам тубдан ислоҳ этилмоқда. Хусусан, бу йўналишда Тошкент давлат стоматология институтида ҳам муҳим лойиҳалар амалга оширилаётир. Бунинг натижасида мазкур олий таълим муассасасида таълим жараёнига илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурларини кенг жорий этиш, магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг хорижий таълим ва илмий муассасаларда амалиёт ўташини, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишга эришилмоқда.
Жумладан, ўтган қисқа давр мобайнида Тошкент давлат стоматология институти томонидан ҳам хорижий мамлакатларнинг элликка яқин нуфузли олий таълим муассасалари ва компаниялари билан ҳамкорлик бўйича меморандум имзолангани диққатга сазовор. Ушбу ҳамкорлик дастурлари натижасида 2018/2019 ўқув йилидан Италиянинг Турин университети билан “Биотиббий муҳандислик” ва Москва давлат тиббиёт стоматология университети билан ҳамкорликда “Стоматология” факультетлари ташкил этилди.
Жорий йилдан эса Оренбург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда “клиник-психология” йўналишида, шунингдек, Украинанинг Горбачевский номидаги Тернополь миллий тиббиёт университети билан “Олий ҳамширалик иши”, Приволжск тадқиқот тиббиёт университети билан “Даволаш иши” йўналишлари жорий этилди.
Институт томонидан олиб борилаётган бундай кенг қамровли ҳамкорлик алоқалари, яратилаётган бу каби замонавий имкониятлар малакали кадрлар тайёрлаш, стоматология соҳасида жаҳон тиббиётининг илғор амалиётини кенг татбиқ этиш, халқимизга кўрсатилаётган стоматологик хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлмоқда. Шу боис, мазкур олий таълим муассасаси фаолияти мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган рейтингда юқори баҳоланди ва тиббиёт олий ўқув юртлари орасида 1-ўринни эгаллаб, мамлакатимиз олий ўқув юртларининг кучли ўнталиги таркибига кирди.
Мазкур институтнинг Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси билан ҳамкорлиги эса тиббий таълимни янада ривожлантириш, тиббиёт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, жаҳон тиббиёти ва илм-фани олдида турган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда яна бир муҳим қадам бўлди.
Келгусида ушбу ҳамкорлик шартномаси доирасида Тошкент давлат стоматология институти педагоглари мунтазам равишда Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси педагоглари учун маҳорат дарсларини ва ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича услубий ёрдам беришлари, маъруза ва семинар машғулотларини ўтказишга кўмаклашиш, шунингдек, талабаларнинг ҳам ўқув-илмий дастурларда иштирок этиши кўзда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги