Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АҚШ элчиси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида бўлди
2019-10-16 | Жамият
2019 йил 15 октябрь Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда АҚШ элчиси билан бирга, элчихонанинг иккинчи котиби Брандон Шервуд ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштирок этди.
Учрашув давомида АҚШ элчисига мажбурий меҳнатга барҳам бериш, янги иш ўринларини яратиш бўйича Ўзбекистонда сўнгги даврда амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Ўз навбатида, Дэниел Розенблюм Ўзбекистоннинг меҳнат муҳофазаси йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини эътироф этиб, бу борада ҳар томонлама ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.
Хусусан, АҚШ элчиси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан АҚШ Меҳнат департаментига юборилган ҳамкорлик меморандуми лойиҳасининг кўриб чиқилиш жараёнларида кўмаклашишини маълум қилди.
Шунингдек, вазир Нозим Хусанов малака ошириш учун Ўзбекистондан АҚШ корхоналарига стажерларни юбориш ва шу орқали хориж тажрибасини ўрганиш таклифини киритди.
Учрашув якунида томонлар меҳнат соҳаси бўйича фаол ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ўзаро маълумот алмашиб боришга келишдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги