Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар

2019-10-15 | Жамият

Айни пайтда юртимизда пахта терими авжида. Жорий йилда мазкур жараённи тартибли ташкил этиш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, терим учун белгиланган миқдордаги маблағларни ўз вақтида тўлиқ берилишини назорат қилиш юзасидан қатор ишлар олиб бориляпти. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мажбурий меҳнатга барҳам бериш, мажбурий меҳнат учун жавобгарликнинг қатъийлиги бўйича фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида жойларда 200 дан ортиқ семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Ҳуқуқлари бузилган, мажбурий тарзда меҳнатга жалб қилинган фуқароларнинг мутасаддиларга мурожаат этиши учун платформалар йўлга қўйилди. “Сизни пахта терими ёки бошқа ишга мажбурлашяптими?” деган ёзув ҳамда “Ишонч телефон” рақами ва меҳнат ҳуқуқ телеграмм мессенжери мавжуд бўлган жами 400 дона баннерлар республиканинг барча туман, шаҳарлардаги аҳоли гавжум жойларга жойлаштирилди ва фуқароларга 100000 дона флаерлар тарқатилди.

Бундан ташқари, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, ҳудудларда пахта йиғим-теримида меҳнат шартномалари ва келишув ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича методик ёрдам кўрсатиш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик ҳолатларини ўрганиш мақсадида вазирлик Давлат меҳнат инспекцияси ва ҳудудий Бандлик бош бошқармалари Давлат меҳнат инспекторлари таркибидаги ишчи-гуруҳлар ташкил қилинди.

Шунингдек, вазирлик Халқаро меҳнат ташкилоти, жамоатчилик ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳамкорликни йўлга қуйган. “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси доирасида экспертлар томонидан аниқланган ҳолатлар бўйича зудлик билан айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш ва мажбурий меҳнатга жалб қилинган фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда.

Бироқ амалга оширилаётган кенг миқёсдаги тадбирларга қарамай, қонун бузилиш ҳолатлари учраяпти. Хоразм вилояти Боғот тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ҳамда худди шу ҳудуднинг Молия бўлими раҳбари ишчи ходимларни мажбуран пахта йиғим-терим ишларига жалб этганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан (энг кам иш ҳақининг 30 баробарида) маъмурий жаримага тортилди.

Наманганда Ватанпарвар ташкилоти вилоят кенгаши тасарруфидаги Тўрақўрғон ўқув спорт техника клуби раҳбари ҳамда Ўзбекистон “Ёшлар Иттифоқи” Фарғона вилояти Тошлоқ тумани кенгаши раиси ҳам ходимларни уларнинг розилигисиз мажбуран пахта йиғим-терим ишларига жалб этган. Айни сабабдан улар ҳам энг кам иш ҳақининг 30 баробарида маъмурий жаримага тортилди.

Оққўрғондаги фермер хўжаликларининг биридан теримчилар учун яратилган шароитларнинг қониқарли эмаслиги юзасидан мурожаат келиб тушди. Давлат меҳнат инспекцияси зудлик билан мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиб, қуйидагича хулоса қилди: мурожаат асоссиз! Аниқланишича, “Қўчқор Чавандоз” фермер хўжалигида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган теримчиларга терим пуллари ўз вақтида бериляпти. Бундан ташқари, теримчиларнинг овқатланиши ва дам олиши учун етарли шарт-шароитлар яратилган, шунингдек, терим далаларига ичимлик суви ва чой берилиши ҳам йўлга қўйилган.

Бироқ Тошкент вилоятининг мазкур туманидаги ҳамма хўжаликларда ҳам вазият қониқарли эмас. Давлат меҳнат инспекцияси келиб тушган мурожаатни ўрганиб, теримчи Худойбердиевага терим пуллари вақтида тўланмагани ҳамда уларга етарли даражада шарт-шароит яратилмаганини аниқлади. Натижада отряд раҳбари ҳамда банкнинг масъул ходими МЖтКнинг 49-моддаси билан жаримага тортилди.

Навбатдаги ўрганишлар Навоий вилоятида ўтказилди. Бизга етиб келган маълумотларга кўра, терилган пахтанинг бир килограмми учун белгиланган маблағ ҳамда ишчиларга амалда тўланаётган пул миқдори ўртасида фарқ бор. Устига-устак иш берувчилар теримчилар билан мулоқотда муомала маданиятига амал қилмаяпти. Ўрганишлар мурожаатларнинг асосли эканини кўрсатди ҳамда Кармана тумани "Элёр Диёр Кармана" Ф/Х раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-модда 1-қисми билан жаримага тортилди.

Жиззах вилояти Мирзачўл туманида жойлашган «Қаҳрамон-Расулота» фермер хўжалиги раҳбари теримчиларга етарли шарт-шароитларни яратиб бера олмагани сабаб, Нукус педагогика институти ректори эса қўлостидаги ишчиларни мажбурий меҳнатга жалб этгани туфайли жаримага тортилди.

Тошкент вилояти Бекобод тумани “Агрокимёҳимоя” АЖ ишчиларининг 100 нафарга яқини мажбурий тарзда пахта далаларига ҳайдалган. Давлат меҳнат инспекциясининг ўрганишлари давомида мазкур хабар ўз тасдиғини топди ҳамда Бекобод “Агрокимёхимоя” АЖ директорига МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Бекобод тумани маъмурий судига тақдим қилинди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги барча фуқароларимизни мажбурий меҳнатга қарши курашга чақиради.

Ҳурматли юртдошлар, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қонунга хилофдир! Агар Сизни пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлашса ёки шундай ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, dmi.mehnat.uz сайти ёки mehnathuquqbot Телеграм ботига мурожаат қилинг!

Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Поделиться