Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инсон ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди
2019-10-09 | Сиёсат
2019 йил 9 октябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари Светлана Артикованинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлими раҳбари Ришард Коменда билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда инсон ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш масаласи жаҳон кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири эканлигича қолмоқда. Айнан шу сабабли бу йўналишдаги ҳамкорликни ва ўзаро тажриба алмашишни янада мустаҳкамлашда халқаро ташкилотлар ва ҳукуматлар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш зарур. Бунда Марказий Осиё минтақасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муаммоларни самарали ҳал этиш йўналишларини излаш, муаммоларни бартараф этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан учрашувда халқаро стандартлар ва нормаларни Ўзбекистон Республикаси миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилишни давом эттиришга урғу берилди.
Томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатда олиб борилаётган ишлар ҳолатига, жумладан Омбудсман фаолиятига ҳам батафсил тўхталдилар. Шу ўринда одил судловга эришишга, шунингдек ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди. Қайд этилдики, бу ва бошқа йўналишларда ҳамкорликнинг кучайтирилиши миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари саъй-ҳаракатларини янада мувофиқлаштиришга, нафақат мамлакат миқёсида, балки минтақа кўламида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоларнинг самарали ечимларини ишлаб чиқишга кўмаклашади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлими бошлиғи Ришард Коменда Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш мақсадида инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишни давом эттириш бўйича парламент ва ҳукумат ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек учрашувда минтақавий ва халқаро кун тартибига оид бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати