Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фонд бозорини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

2019-10-08 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни фонд бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Қимматли қоғозлар бозори иқтисодиётдаги бўш пул маблағларини жамлаш ва уни инвестиция жараёнларига йўналтиришнинг муҳим воситасидир. Бу борадаги ислоҳотларнинг дастлабки босқичи сифатида жорий йил бошида Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тузилди. Давлат облигациялари фонд бозорига қайта чиқарилди. 

Лекин қимматли қоғозлар чиқариб, уларни фонд бозорида сотиш механизмидан самарали фойдаланилмаяпти. Фонд бозоридаги акцияларнинг жами қиймати 25 триллион сўм бўлиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 6 фоизга ҳам етмайди. Бу кўрсаткич Сингапурда 188 фоиз, Малайзияда 112 фоиз, Россияда 34 фоизни ташкил этади. 

Мамлакатимизда жорий йилда чиқарилган давлат облигациялари валюта биржаси орқали фақатгина тижорат банкларига сотилган. Фонд бозори профессионал иштирокчилари сони юзтагаям бормайди.

Шу боис 2020-2025 йилларда фонд бозорини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Эркин муомаладаги жами қимматли қоғозларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатини 2025 йил охиригача камида 10-15 фоизга етказиш мўлжалланган.

Йиғилишда бунинг учун амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. 

Бугунги кунда бу соҳа 100га яқин норматив ҳужжатлар билан тартибга солиниб, кўплаб чекловлар ўрнатилган. Масалан, ривожланган давлатларда банклар фонд бозорининг фаол иштирокчиси ҳисобланади, юртимизда банкларга бошқа субъектларнинг акцияларини бирламчи бозорда харид қилиш тақиқланган. 

Давлатимиз раҳбари қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, ортиқча чекловларни бекор қилиш ва фонд бозорида ишлашни соддалаштириш зарурлигини таъкидлади. 

Бугунги кунда 605 та акциядорлик жамияти акцияларининг 85 фоизи давлатга тегишли. Шундан 105 та жамиятнинг атиги 5 фоиз акциялари фонд бозорида иштирок этмоқда.

Жаҳон амалиётидан келиб чиқиб, капитал бозорида муомалада бўлган қимматли қоғозлар турларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди. 

Қимматли қоғозларга бўлган талабни кўпайтириш, хорижий биржа, брокерлар ва банкларни мамлакатимиз фонд бозорига жалб қилиш чоралари муҳокама қилинди. Суғурта компанияларига активларининг маълум фоизини фонд бозорига йўналтириш, банкларга бирламчи бозорда юқори ликвидли қимматли қоғозларни харид қилиш учун рухсат бериш масалалари кўриб чиқилди. 

Инвесторлар ва миноритар акциядорлар ҳуқуқи ҳимоясини кучайтириш, дивидендлар тўлаш ва ундиришни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, халқаро молиявий ҳисобот ва халқаро аудит стандартларига ўтиш бўйича топшириқ берилди.

Соҳа ривожи мутахассислар малакаси ва аҳолининг бу борадаги саводхонлигига ҳам боғлиқ. Бугунги кунда юртимизда тегишли малака гувоҳномасига эга атиги 300 нафар мутахассис бор. Ривожланган мамлакатларда бу соҳада минглаб кишилар ишлайди. 

Шу боис Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига Тошкент молия институтининг тегишли кафедрасини оталиққа олган ҳолда, илғор хорижий муассасалар билан ҳамкорликда кадрлар малакасини ошириш ва талабаларни ўқитиш вазифаси қўйилди. 

Фонд бозоридаги ўзгаришлар ҳақида кўпроқ ахборот бериб бориш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди ва амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться