Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Европа онкология жамиятининг нуфузли халқаро Конгрессида ўзбекистонлик олимлар илк бор маъруза қилди
2019-10-02 | Соғлиқни сақлаш
Барселона шаҳрида бўлиб ўтаётган Европа тиббий онкология жамияти Конгрессида Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўз йўналиши бўйича халқаро миқёсдаги ушбу нуфузли тадбир дунёнинг юздан ошиқ давлатидан ўттиз минг нафардан зиёд таниқли онколог олимлар, шифокорларни бир даврага жамлаган.
Мазкур халқаро конгресс ташкилотчиси бўлмиш Европа тиббий онкология жамияти (ESMO) ўз сафига дунёнинг онкология, гематология, патоморфология, кимё ва нур терапияси каби соҳалари бўйича олимлари ва малакали шифокорларни жамлаган дунёдаги етакчи ташкилотдир. Унинг қаторида мамлакатимиз олимлари ва шифокорлари ҳам борлиги илм-фанимиз ва тиббиётимизнинг ўзига хос салоҳиятидан далолатдир. Ўзбекистон онкологлари ушбу нуфузли халқаро ташкилотга 2017 йили аъзо бўлган.
Мазкур халқаро ташкилот томонидан ташкил этилган халқаро конгресснинг кун тартиби жуда қизиқарли ва мазмунли руҳда ўтмоқда. Жумладан, йирик халқаро тадбир доирасида замонавий онкологиянинг долзарб масалалари бўйича қатор анжуман, мулоқот ва маҳорат дарслари ташкил этилаяпти. Уларда олимлар, шифокорлар, мутахассислар, ёш тадқиқотчилар кейинги йилларда илм-фан ва технологиялар бўйича эришилаётган муҳим ихтиролар, илмий-амалий янгиликлар, шу билан бирга, тиббиёт олдида турган устувор вазифалар бўйича тажриба алмашмоқда.
Мазкур нуфузли халқаро конгресс доирасидаги анжуманларда Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам илк бора сўзга чиқиб, мамлакатимиз онкология хизматининг бугунги ҳолати, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан тақдимот ўтказдилар. Олимларимизнинг ушбу чиқиши хорижлик мутахассислар томонидан қизғин кутиб олинди ва юртимизда онкология хизматини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга ижобий баҳо берилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов ўз чиқишида таъкидлаганидек, ҳар йили 15 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади, Ўзбекистонда эса 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Ушбу муаммонинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори доирасида ҳамда давлатимиз раҳбарининг бефосита бошчилигида кейинги уч йил ичиди тиббиётнинг барча бўғинлари каби онкология хизматини тубдан такомиллаштириш, бу йўналишда халқимизга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда онкологик касалликларни ташхис қилиш ва даволашнинг замонавий стандартлари клиник амалиётган тадбиқ этилган.
Шу билан бирга, онкологик касалликларни даволашда юқори технологияли операция усулларидан ҳам самарали фойдаланилаяпти. Буйрак саратонида видеолапораскопик нефрэктомия, буйрак резекцияси, қовуқ саратонида радикал цистэктомия, бачадон саратонида гистерэктомия, тўғри ва йўғон ичак саратонида лапароскопик резекция каби замонавий операциялар бунга мисолдир. Шунингдек, нур терапия соҳасида брахитерапия, стереотактик радиожарроҳлик нур терапияси каби янгича услублар кириб келгани инсон саломатлигини сақлашда муҳим омил бўлаётир. Кейинги йилларда онкология муассасаларини давлат бюджетидан дори-дармон билан таъминлаш кўрсаткичи яхшиланди ва 90-95 фоизга етказилди.
Тиббиётимизнинг бундай муҳим ютуқларида халқаро алоқалар ривожланиб боришининг ўрни беқиёс. Ҳозирги кунда олимларимиз ва шифокорлар бу йўналишда дунёнинг тиббиёти тараққий этган қатор йирик илмий-амалий марказлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳар йил эллик нафардан кўпроқ онколог мутахассислар Россия, АҚШ, Корея, Туркия, Польша, Ҳиндистон, Беларус ва бошқа хорижий давлатларнинг етакчи илмий-амалий тиббиёт марказларида малака ошириб келмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги