26 сентябрь куни пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуида ўзбекистонлик талабалар ўртасида "mGovAward" давлат мобиль иловаларини ишлаб чиқиш бўйича республика танловининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад ибн Абдулла ал-Қарқавий бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон ва БАА ўртасида давлат бошқарувини такомиллаштириш, янги юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш соҳаларида ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Ушбу танлов эса уларнинг энг ноёб ғояларини рўёбга чиқариш учун яна бир имкониятдир.
Бирлашган Араб Амирликларидан келган шериклар билан ҳамкорликда ўтказилаётган танлов талабаларнинг дастурлаш ва мобиль иловаларни ишлаб чиқиш борасидаги салоҳиятини юксалтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.
– Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлари илм-фан ва маърифатнинг тарихий маркази ҳисобланади, – деди БААнинг ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад ибн Абдулла ал-Қарқавий. – Ўзбекистон Ибн Сино, Хоразмий, Бухорий, Беруний каби олимлари билан фахрланса арзийди.
Танловда олий ўқув муассасаларининг йўналишидан қатъий назар барча талабалар иштирок этиши мумкин. Бунинг учун иштирокчи уч ва ундан кўп кишидан иборат жамоа тўплаб, танловнинг расмий веб-сайтида мобиль илованинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи ёки унинг мақсадини етказиб берувчи видеолавҳа ва маълумот илова қилинган ариза қолдириши керак. Иштирокчиларга тўлиқ ижод эркинлиги тақдим этилган бўлса-да, танлов ташкилотчилари мобиль иловаларни ишлаб чиқиш учун бир қанча йўналишлар танлаб олди. Танлов иштирокчилари бешта йўналишдан бири – таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва маданият, тадбиркорлик, транспорт ва логистика бўйича илова яратишлари керак бўлади.
Танловнинг мукофот пули 100 минг долларни ташкил этади. Ушбу маблағ танлов лауреатлари ўртасида тақсимланади. Ғолиб 50 минг долларни қўлга киритади, иккинчи ўрин соҳибига 30 минг доллар, учинчи ўринга эса 20 минг доллар мукофот бериш кўзда тутилган.
Кўчирмачиликка йўл қўймаслик мақсадида иштирокчилар ўз иловаларининг бошланғич кодини ҳеч кимдан ўзлаштирилмаганини аниқлаш учун эксперт текшируви учун тақдим этиши керак бўлади.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими 2020 йил 14 март куни бўлиб ўтади.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА
Манба: ЎзА