“Ўзатом“ агентлигида Атом энергияси халқаро агентлиги мутахассис ва экспертлари иштирокида ўтказилган семинар атом электр станцияларини молиялаштириш ва шартномалар тузиш масалаларига бағишланди.
Агентлик мутахассислари ва соҳа вакиллари учун мўлжалланган ушбу семинардан кўзланган мақсад мамлакатимизда атом электр станцияси қурилиши бўйича амалга оширилаётган ишларда халқаро тажрибани ўрганиш, бунда Атом энергияси халқаро агентлиги талаб ва тавсиялари ҳамда бу борада билим ва кўникмага эга бўлишдир. Шу сабабли, унда халқаро мутахассис ва экспертлар АЭС қурилишида тузиладиган шартномалар ва молиялаштириш масаласида қандай йўл тутиш кераклиги, бунда ҳар бир келишувларнинг пишиқ-пухта ҳамда аниқ мақсадли бўлишини таъминлашга эътибор қаратилиши лойиҳани амалиётга татбиқ этишда ўта муҳимлигини ўз тажрибалари асосида тушунтириб берди.
– Бугунги семинарнинг биз учун аҳамиятли жиҳати шуки, айни кунларда агентлик “Росатом“ давлат корпорацияси билан АЭСни лойиҳалаштириш, ускуналар етказиб бериш ва унинг қурилиши масаласида музокаралар олиб бормоқда, – деди “Ўзатом“ агентлигининг Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси директори Отабек Омонов. – Жорий йилнинг декабрь ойи охирида бу борада томонлар ўртасида шартнома имзоланади. Бу биз учун янги соҳалиги боис амалга оширилаётган музокараларда ҳар томонлама аниқ хулосаларга келиш зарур. Бироқ бунинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам йўқ эмас. Халқаро тажриба ва амалиёт эса бу муаммолар ечимида ёрдам беради. Музокараларда дуч келинаётган айрим масалалар жавобини ушбу семинардан олдик.
Тадбирда Канададаги “KPMG LLP” компанияси ҳамкори, Атом энергияси халқаро агентлиги эксперти Анураг Гупта ядро энергетикаси дастурлари бўйича ўз тажриба ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
– Мақсадимиз “Ўзатом“ агентлиги мутахассисларига ушбу соҳа бўйича халқаро билим ва амалиётларни ўргатиш ҳамда келгусида мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйишдир, – деди у. – Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон АЭС қурилишида тўғри йўлдан бораяпти ва бу борада яхши натижаларга ҳам эришмоқда. Албатта, бу давлат аҳамиятига молик лойиҳа бўлиб, уни молиялаштириш, аниқ ва режали шартномаларга эришиш талаб этилади. Бугун шу масалаларда берган тавсияларимиз юртингизда қурилиши мўлжалланаётган АЭС лойиҳаси учун фойдалидир.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА
Манба: ЎзА