Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2019-09-26 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида солиқ юкини камайтириш ва тадбиркорлик субъектларини солиққа тортишдаги номутаносибликларни қисқартириш бўйича чоралар амалга оширилди.
Истеъмол бозорининг барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз "занжири"ни шакллантириш мақсадида:
1. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилсин.
2. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришнинг амалдаги тартиби бекор қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳасида давлат солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни “таҳлика-таҳлил” натижалари ва олдини олиш чораларини кўриш асосида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тартиби белгиланишини назарда тутсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилги Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда:
давлат корхоналари, устав жамғармаси (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав жамғармаси (устав капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ қисми давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсларга тегишли бўлган юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасининг 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилишини;
дивиденд шаклидаги тўланадиган даромадларга солиқ ставкасини сақлаб қолган ҳолда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасининг 15 фоиз миқдорида белгиланишини;
қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби бекор қилинишини назарда тутсин.
4. Белгилансинки, илгари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобига тўланган ягона солиқ тўлови суммаси 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ўтказилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида кенг тушунтирилишини ташкил этсин.
6. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
7. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.A.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Ғуломов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 26 сентябрь
Манба: ЎзА