Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

2019-09-23 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида замонавий архитектура қиёфасини шакллантириш, қурилишни жадаллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди ва қурилиш соҳасида давлат бошқарувининг самарали механизмлари жорий этилди.

Шу билан бирга, таҳлиллар натижалари қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлашда бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан, манфаатдор шахслар ва жамоатчилик қурилиш ишлари боришини кузатиш имкониятига эга эмас, маблағлардан нотўғри фойдаланиш, объектларни ўз вақтида топширмаслик, қурилишда паст сифатли материаллардан фойдаланиш, қурилиш ишларига соҳанинг мутахассиси бўлмаган ходимларни жалб қилиш қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилишига олиб келмоқда, республика бюджети маблағлари, мақсадли жамғармалар ва буюртмачиларнинг ортиқча харажатларига сабаб бўлмоқда.

Қурилиш вазирлиги моддий-техник базасининг талаб даражасида эмаслиги қурилиш соҳасидаги давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилишига, жойлардаги қурилиш бошқармалари ва бўлинмаларининг фаолиятини самарали ташкил этишга тўсқинлик қилмоқда.

Қурилиш соҳасида коррупция ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичида жамоатчилик учун шаффофликни таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигининг:

Қурилиш вазирлиги фаолиятига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий этиш ва уни 2020 йил 1 июнга қадар Тошкент вилоятида марказлаштирилган молиялаштириш манбаларидан, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар (кейинги ўринларда – объектлар) қурилиши жараёнида тажриба тариқасида ишга тушириш;

тажриба натижаларига асосан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида реал вақт режимида ишлашини таъминлаш;

б) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2020 йил 1 мартга қадар давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари ва маълумотларини жамоатчиликка онлайн режимда тақдим этиш имконини берувчи “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал)ни ишлаб чиқиш ва тест режимида ишга тушириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

объектларнинг манзилли дастури, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган объектларнинг йиллик манзилли рўйхати шакллантирилишини, маълумотлар базасини янги қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш объектлари бўйича турларга бўлиб юритилишини таъминлаш;

объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳудудий ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари томонидан лойиҳаолди ишларининг амалга оширилиши, буюртмачи билан лойиҳа ташкилоти ўртасида шартнома тузилиши ва аванс маблағлари ажратилиши ҳамда ишлар тугалланганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг мунтазам электрон базага киритиб борилиши ва юритилишини таъминлаш;

лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда буюртмачи ва экспертиза ташкилоти ўртасида тузилган шартномалар, кўрсатилган хизматларнинг молиялаштирилганлиги, тугалланган лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилганлигига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш;

объектлар қурилишини молиялаштиришда пудратчи билан буюртмачи ўртасида шартнома имзоланганлиги ва аванс маблағлари тўланганлиги, ойма-ой бажарилган ишларнинг ҳисоботини юритиш ва бажарилган ишларга нисбатан мутаносиб равишда молиялаштирилганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш;

объектлар қурилишида иштирок этаётган барча пудратчилар ва ёрдамчи пудратчилар ҳақида маълумотларни йиғиш, бажарилган иш ҳажмлари асосида тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, улар томонидан амалга оширилаётган иш турлари бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш;

объектларда қурилиш жараёнларини назорат ва мониторинг қилишда уларни рўйхатга олиш, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини
ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этиш бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш.

3. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал)дан фойдаланиш регламенти лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;

2020 йил 1 январга қадар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича концепция ва техник топшириқ ишлаб чиқсин;

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ва “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал)нинг белгиланган муддатларда ишга туширилишини таъминласин;

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини идоралараро ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари, жумладан, “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал) билан интеграциялаш бўйича зарур чораларни кўрсин.

4. Қурилиш соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилувчи ахборот тизимлари жорий этилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва унга қуйидаги вазифалар юклатилсин:

қурилиш соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш чораларини кучайтиришга қаратилган самарали “ижро этилиши юзасидан назорат” (compliance control) тизими жорий этилишини таъминлаш;

қурилиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари лойиҳаларида коррупцияга оид ҳолатларни келтириб чиқарувчи нормаларни аниқлаш бўйича коррупцияга қарши экспертиза ўтказилишини ташкил этиш;

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал)ни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича тадбирлар режалари тасдиқланишини таъминлаш, мазкур тизимларни белгиланган муддатларда ишга туширилишини назорат қилиш;

қурилиш соҳасига ахборот тизимларини жорий этиш орқали коррупция, бюрократик тўсиқлар ва тизимли муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

қурилиш соҳасининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида қурилиш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича дастурлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва уларнинг белгиланган муддатларда ижро этилишини мониторинг қилиш;

қурилиш соҳасига ахборот тизимларини жорий этишда масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш;

жорий этилаётган ахборот тизимларининг жойларда самарали ишлашини ва қўлланилишининг ягона амалиётини таъминлаш;

қурилиш соҳасига ахборот технологияларининг жорий этилиши, шу жумладан, уларнинг коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга таъсири бўйича маълумотларнинг кенг оммага етказилишини ташкил этиш.

Комиссия фаолият натижалари, шу жумладан, ахборот тизимларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чорак якунларига кўра ахборот киритсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг давлат муассасаси шаклидаги Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

автоматлаштирилган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини яратиш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, қурилиш соҳасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини юритиш ва қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва зарур дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш;

марказлаштирилган молиялаштириш манбаларидан, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларда қурилиш жараёнини мониторинг қилишни йўлга қўйиш;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини янгилаб бориш чораларини кўриш, уларнинг бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ахборот хавфсизлигига таҳдидларни ўз вақтида аниқлаш ва унга қарши курашиш, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилишининг назоратини ва мониторингини амалга ошириш, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник инфратузилмани жорий этиш ва ривожлантириш;

ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш юзасидан қурилиш соҳасида иштирок этувчи идоралар ходимларининг билим ва кўникмасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

турли ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ягона серверини ташкил қилиш, юритиш ва ривожлантириш.

6. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

асосий фаолиятдан олинган даромадлар;

халқаро молия институтлари грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Шундай тартиб белгилансинки, унга кўра 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурлари ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурлари доирасида жами қурилиш харажатларининг 0,05 фоизи миқдоридаги маблағлар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш учун объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича смета харажатларида назарда тутилади ҳамда буюртмачилар томонидан Марказ ҳисоб рақамига ўтказилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ахборот-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш учун харид қилинадиган компьютер техникаси, сервер қурилмалари, коммуникация ускуналари ва дастурий таъминот рўйхати 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

9. Давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат ташкилотлари раҳбарлари ўзларининг идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига интеграция қилишни ва реал вақт режимида узлуксиз ишлашини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларидаги буюртмачининг бошқа харажатлари таснифига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг асосий вазифаларини бажариш ҳамда объектларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича мониторинг олиб бориш юзасидан белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Қурилиш вазирлигининг 2020 йилда ушбу қарорни амалга ошириш доирасидаги сарф харажатлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағлар ажратсин ва 2020 йилдан бошлаб ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин;

2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Қурилиш вазирлигига маблағлар ажратилиши жараёнида 2-иловага мувофиқ ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янгилаш учун зарур ускуналарни харид қилишни эътиборга олсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 20 сентябрь

Манба: ЎзА

Поделиться