Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида

2019-09-23 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 20 сентябрдаги ПФ–5834-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Агентликнинг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

бошқарув ходимларининг чекланган сони 20 нафардан иборат Агентлик марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши бошқармаларининг (кейинги ўринларда – ҳудудий бошқармалар) намунавий тузилмалари ва бошқарув ходимларининг чекланган сони 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида 2020-2025 йилларда архив иши ва иш юритишни янада ривожлантириш дастури 4-иловага мувофиқ;

2020-2025 йилларда давлат архивлари биноларини ва сақловхоналарини қуриш дастури 5-иловага мувофиқ;

2023-2025 йилларда давлат архивлари биноларини реконструкция қилиш дастури 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Агентлик марказий аппарати ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши бошқармалари тузилмасига қўшимча киритилаётган штат бирликлари тегишли бюджет ташкилотлари штат бирликлари сонини кераклигича қисқартирган ҳолда, уларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан таъминланади.

2. Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш
ва назоратни амалга ошириш;

Миллий архив фондининг ҳужжатларини жамлаш, уларнинг сақланишини, давлат ҳисобига олинишини таъминлаш ва улардан кенг фойдаланиш;

давлат архивларини бошқариш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;

архив хизматларини кўрсатишда нодавлат секторни янада ривожлантириш, архив иши соҳасида давлат-хусусий шериклик учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

архившунослик, археография, иш юритиш, электрон ҳужжат айланиши соҳасида илмий, методик ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, илмий тадқиқотлар натижаларини ва илмий-техника ютуқларини республика архивлари амалиётига жорий этиш;

замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мунтазам равишда архив иши ва иш юритиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг малакасини ошириш тизимини шакллантириш;

архив иши ва иш юритиш соҳасидаги мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, хорижий архивларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатлари нусхаларини олиб келиш.

3. Агентлик директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлари тузилмаларига бошқарув ходимларининг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида, уларга истисно тариқасида Архив ишини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда, жалб қилиш.

4. Белгилансинки, Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари ўз ваколати доирасида архив ҳужжатларини топширишнинг, сақлашнинг, улардан фойдаланишнинг, худди, шунингдек, архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизматлар кўрсатишнинг белгиланган тартибини бузганлик ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқига эгадирлар.

5. Белгилаб қўйилсинки, Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик марказида (кейинги ўринларда – Марказ):

архив иши ва иш юритишнинг замонавий талаблари ва жараёнларини ҳисобга олган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилот ва муассасалар архивчи ва иш юритувчи кадрларини уч йилда камида бир марта малакасини ошириш;

бошқа соҳа мутахассисларининг архив иши ва иш юритиш бўйича билимларини ошириш юзасидан ўқишлар ташкил этиш;

архив иши ва иш юритишга оид республика ва халқаро миқёсда семинарлар, конференциялар, анжуманлар ташкил этиш;

архив иши ва иш юритиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш;

архивчи ва иш юритувчи кадрларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик ишлари амалга оширилади.

6. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

давлат архивлари пуллик хизмат кўрсатишдан олинган даромадининг 20 фоизи миқдоридаги йиллик мажбурий ажратмалар;

Марказнинг пуллик хизмат кўрсатишдан олинган даромадининг 30 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига қўйишдан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилансинки, Жамғарма маблағлари қуйидагиларга сарфланади:

давлат архивларининг бинолари ва сақловхоналарини таъмирлаш ҳамда қуриш;

давлат архивларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва хавфсизлик тизимларини жорий қилиш;

хорижий давлатлардан Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатлари нусхаларини қайтариш;

архив иши соҳасида турли конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлари ходимларини хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида ўқитиш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш;

Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлари ходимларига мамлакатда ва хориждаги хизмат сафарлари харажатларини тўлаб бериш;

Агентлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирлар.

7. Агентлик директорига Жамғарма маблағлари ҳисобидан Агентликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалар ходимларига асосий эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошларига, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъий назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни белгилаш ҳуқуқи берилсин.

8. Белгилансинки, 2019 йил 1 октябрдан:

Агентлик марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,6 бараварга оширган ҳолда қўлланилади;

Агентлик марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ходимларига соҳада узоқ муддат хизмат қилгани учун иш ҳақига устама ҳақ тўланади.

Ушбу бандни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги икки ой муддатда Ўзбекистон миллий архивлари биноси қурилиш даврида Агентликни давлат тасарруфидаги бўш турган объектларга вақтинчалик жойлаштиришга кўмаклашсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги;

архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича давлат назоратини амалга ошириш тартиби;

Архив ишини ривожлантириш жамғармаси;

Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик маркази тўғрисидаги низомларни тасдиқласин.

11. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 20 сентябрь

Манба: ЎзА

Поделиться