Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда дунё маданий анъаналари ва миллий таомлари намойиши
2019-09-23 | Маданият
Тошкентда 21 сентябрь куни XVII Маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди. Мазкур анъанавий фестиваль Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бюроси томонидан ШҲТнинг Ўзбекистондаги халқ дипломатияси маркази кўмагида ташкил этилди.
2000 йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинаётган фестиваль иштирокчилари Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган турли давлатларнинг элчихоналари ва ваколатхоналари ходимларидир. Улар анжуман давомида ўз халқлари санъати, ҳунармандчилиги ва бошқа анъаналарини намойиш этувчи маданият тарғиботчилари, турли миллатлар миллий таомларини тақдим этувчи ошпазлар, қандолатчилар сифатида иштирок этади. Зеро, элчилар, дипломатия соҳасида хизмат қилувчи ходимлар фаолиятида халқлар ўртасида маданий алоқаларни кенгайтириш, ижтимоий йўналишда фаол иш олиб бориш жуда муҳимдир.
- Кейинги йилларда серқуёш юртимиз, ҳақиқатан, халқаро анжуманлар – фестиваллар, форумлар мамлакатига айланди, - дейди XVII Маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивалининг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков. – Бундай тадбирлар халқларни бирлаштиради, миллатлараро тотувликни кучайтиради.
Бу йилги фестиваль аввалгиларидан фарқли равишда илк бор очиқ майдонда – пойтахтимиздаги Ботаника боғида ташкил этилди. Бунинг ўзига хос рамзий маъноси бор. Зеро, анжуман бу гал “Табиатни асраймиз” деб номланди.
Фестивални ўтказишдан кўзланган мақсад хорижий давлатлар вакилларини мамлакатимизда бугунги кунда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини янада кучайтириш ва илгари суриш, халқаро майдондаги имижини ошириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўпроқ хабардор этиш, дипломатик ваколатхоналар ходимларининг намунали дам олишларини ташкил этиш, уларнинг бир-бирлари билан норасмий, дўстона муҳитда мулоқот қилишлари учун шароит яратиш, иштирокчи ва меҳмонларга дунёнинг турли мамлакатлари маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини яратишдан иборатдир.
Жонли руҳ ва кўтаринки кайфият уйғунлигини ўзида мужассам этган фестивалга иштирокчилар, меҳмонлар ва аҳоли томонидан қизиқиш жуда юқори бўлди. Одатга кўра, дипломатик ваколатхоналар ходимлари миллий таомларини бор ўзига хослиги билан тақдим қилиш имконига эга бўлишди.
- Бу фестивалда мен бир неча бор қатнашганман, - дейди Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами арафасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига биноан, давлатимизнинг юксак мукофоти – “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган Владимир Тюрденев. – Кўз ўнгимизда анжуманнинг савияси йилдан йилга ўсиб боряпти. Иштирокчи давлатлар, қатнашчилар сони, фестивалга бўлган қизиқиш тобора ошмоқда.
Таъкидлаш жоиз, мазкур фестиваль доимо ўз олдига хайрия мақсадларини қўяди. Яъни, анжуманда тақдим этилган таомлар савдосидан тушган маблағлар Тошкент шаҳридаги болалар меҳрибонлик уйларига ҳадя қилинади.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига оид батафсил маълумотлар тақдимотига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Боғ майдони бўйлаб мамлакатимизнинг барча минтақалари вакиллари меҳмонларни ўз ҳудудлари тарихи, бебаҳо маданий ва меъморий ёдгорликлари, маънавий мероси, анъаналари, халқимизнинг ўзига хос юзини акс эттирувчи урф-одатлари, табиий бойликлари билан таништиришди, турли минтақаларга хос миллий таомларимиз намойиш этилди.
Фестиваль мамлакатимиз маданий ҳаётида муҳим, сермазмун воқелик сифатида намоён бўлди. Анжуман пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига иштирокчи давлатлар маданияти, анъаналари билан яқиндан танишиш имконини берди, маданий туризмни ривожлантиришга хизмат қилди.
Анжуман якунида малакали маҳаллий ва хорижий мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати бир қатор номинациялар бўйича миллий анъаналарни яққол акс эттирган кўргазмалар, намойишлар, ижролар, шунингдек, ўзига хос таъм, сифат, безак кўрсаткичлари билан эътиборга тушган таомларни эътироф этишди. Барча иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ олган суратлар, ЎзА
Манба: ЎзА