Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳаси муҳокама қилинди
2019-09-19 | Таълим
18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти ва жамоаси, олий таълим муассасалари ректорлари, филиаллар директорлари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги ПҚ–4391-сон “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.
Концепция Ўзбекистон Республикасида олий таълимни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.
Концепция қуйидаги қисмлардан иборат:
1-боб. Умумий қоидалар.
2-боб. Олий таълим тизимининг жорий ҳолати ва мавжуд муаммолар.
3-боб. Олий таълим тизимини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари.
4-боб. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар.
Умумий қоидаларда концепциянинг олий таълим тизимини ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги асосланган.
Шунингдек, тизимда мавжуд бўлган қуйидаги муаммолар ҳам санаб ўтилган:
- амалдаги малака талаблари, ўқув режа ва дастурлари мазмун жиҳатидан битирувчиларда амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилмаган,
ўқув режаларида номутахассислик фанлари улуши юқорилигича қолмоқда;
- олий таълим муассасалари ва кадрлар буюртмачилари билан ўзаро ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш бўйича ишлар самарали йўлга қўйилмаган,
- иш берувчиларнинг олий таълим мазмунини шакллантиришдаги иштироки етарли эмас;
- талабаларда танқидий фикрлаш, ахборотни мустақил излаш ва таҳлил қилиш кўникмалари шакллантирилмаган;
- ишлаб чиқариш корхоналарида амалий машғулотлар самарали ташкил этилмаган, тайёрланаётган мутахассислар малакавий даражаси меҳнат бозорининг замонавий талабларига етарлича жавоб бермайди;
- профессор-ўқитувчиларнинг хорижий тиллар ва ахборот-коммуникация технологияларини ўзлаштириш даражаси пастлиги сабабли уларнинг касбий маҳорати бугунги кун талабларидан ортда қолмоқда ва ҳ.к.
Бундан ташқари илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият соҳасида, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш соҳасида, таълим соҳасидаги жозибадорликни ошириш, халқаро миқёсда рақобатбардошликни таъминлаш соҳасидаги вазифалар белгиланган.
Қуйидагилар олий таълим тизимини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлар сифатида эътироф этилган:
- мамлакатни модернизация қилиш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, инсон капиталини меҳнат бозори талаблари асосида ривожлантириш;
- олий таълим билан қамров даражасини ошириш, халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрлар тайёрлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини намоён этиши ва маънавий баркамол шахс сифатида шаклланиши учун зарур шарт-шароит яратиш;
- соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, унинг жозибадорлигини ошириш, жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлигини таъминлаш.
Ушбу мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, олий таълим тизимини ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишлари белгиланган:
- олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш;
- таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш;
- олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш;
- маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар таъсирчанлигини ошириш;
- юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш;
- олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлаш, моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш;
- олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва бошқарув фаолиятини такомиллаштириш;
- коррупцияга қарши курашиш, шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш;
- олий таълим тизимининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро миқёсда танилиши ва рақобатбардошлигини таъминлаш.
Мажлисда муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, янги тузилган республика олий таълим кенгаши олдида турган долзарб вазифалар, унинг истиқбол-режалари ҳам муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги