Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жаҳон ҳунармандлари Қўқонда жам бўлди

2019-09-13 | Маданият

Кўҳна ва навқирон Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивалининг асосий тадбирлари бошланди. Анжуманда 100 дан ортиқ давлатдан фахрий меҳмонлар, моҳир ҳунармандлар, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон халқ амалий санъати ва ҳунармандчиликнинг қадим анъана ва мактаблари сақланиб қолган мамлакат сифатида ҳам жаҳонга танилган. Юртимизнинг деярли барча ҳудудларида ўзига хос ҳунармандчилик мактаблари шаклланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётир. Бугунги ислоҳотлар соҳа ривожи учун янги имкониятлар яратмоқда. Ҳар бир ҳунармандлик маҳсулоти ўзига хослиги билан ажралиб туради. Илк бор ўтказилаётган мазкур анжуман ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандчилик анъана ва мактабларини асраш, қайта тиклаш, бу соҳадаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, истеъдодли ҳунармандларни рағбатлантириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
 
Қўқон шаҳрида байрам шукуҳи ҳукмрон. Эрталабдан хорижий меҳмонлар шаҳар бўйлаб қўлларида ўз давлатлари, маҳаллий аҳоли эса Ўзбекистон байроғини кўтарганча тантанали юриш бошлади. Туркистон кўчасидан Худоёрхон ўрдаси майдони йўналишида ҳаракатланган байрам иштирокчилари минглаб юртдошларимиз томонидан олқишлар билан қарши олинди. Қизиқчилар, жарчилар ва хон саройи аъёнлари либосини кийган актёрлар жамоаси иштирокчиларга ўзгача кайфият бағишлади.
 
Худоёрхон ўрдаси фестивалнинг асосий майдонига айланди. Халқ сайллари, дорбозларнинг чиқишлари, фольклор жамоалари, вилоятлар маданият бошқармалари томонидан тайёрланган концерт дастурлари барчани байрамга чорлаётгандек гўё.
 
Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида “Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳунарларнинг онлайн-энциклопедияси (ATP). Анъанавий қўл меҳнати буюмлари” лойиҳасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
 
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича президенти Гада Каддуми хоним иштирок этган тадбирда мазкур фестиваль халқаро миқёсдаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик анжумани экани таъкидланди.
 
Гада Каддуми раҳбарлигида ишлаб чиқилган мазкур онлайн-энциклопедияда Осиё-Тинч океани минтақасидаги 50 давлатнинг ҳунармандчилиги тарихи, ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилган. Гада Каддуми хонимнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, халқларни бир-бирига танитиш, шу тариқа дўстлик, ҳамжиҳатлик ва тинчлик ўрнатилишига хизмат қилади.
 
Фестиваль доирасида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда.
 
Америка Қўшма Штатларидан келган фахрий меҳмон Лопес Керолайн Робертсон хоним фестиваль ҳақидаги илк таассуротларини сўзлаб берди.
 
– Эрта тонгдан қадим шаҳар кўчаларида минглаб одамларнинг қувончу шодиёнасига гувоҳ бўлдим, – дейди у. – Айниқса, миллий либоси ўзига ярашиб турган ўзбек аёлларига ҳавасим келди. Карнай-сурнай, доира садоларига бефарқ қараб бўлмайди, биз ҳам рақсга қўшилдик. Ўзбекистон мен учун қадрдон юрт. Ишонасизми, негадир юрагим шу заминга талпинаверади. Халқингизга хос меҳмондўстлик, ўзгача лутф мени ўзига мафтун этади, сабаби, бунақасини бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз. Юртингиз санъат, маданият ва ҳунармандчиликда азалдан бой меросга эга бўлиб, бугун ҳам қадрият ва анъаналар авлоддан авлодга ўтиб келаётгани таҳсинга лойиқ. Мен турли осори-атиқалар, ҳунармандчилик маҳсулотларини тўплашни яхши кўраман. Уйимдаги шахсий коллекцияда Ўзбекистоннинг сопол маҳсулотлари, гиламлар, сўзана, адрас, ёғоч ўймакорлиги намуналари бор. Қўл меҳнати билан яратилган бу маҳсулотлар чинакам мўъжизадир. Бу фестивалга келганимдан жуда хурсандман. Таниш, қадрдон чеҳраларни кўряпман. Ҳали мен билмаган ҳунар ва маҳсулотлар кўп экан. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ҳунармандларни таклиф қилиб, шундай тадбир ўтказаётган Ўзбекистоннинг эзгу ташаббусларини халқаро ҳамжамият ҳам муносиб қадрлайди.
 
Ҳунармандчиликка оид турли кўргазмалар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари, маҳсулотларни яратиш жараёни, соҳага оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши, бадиий дастурлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлайди.
 
Ўрда майдонида юртимизнинг барча ҳудудлари, қўшни мамлакатлар ва узоқ хориждан ташриф буюрган юзлаб ҳунармандлар, соҳа мутахассислари, маданият ва санъат соҳаси фидойиларини учратиш мумкин. Суҳбатдошларнинг барчасида байрамона кайфият.
 
– Йигирмадан зиёд ҳунарманд ўзларининг юзлаб асарларини намойиш этиш учун олиб келди, – дейди Тожикистон делегацияси раҳбари Қаҳрамон Жўраев. – Тожикистонлик ҳунармандлар орасида пичоқчилик йўналишида 300 йилдан буён ном қозониб келган устазодалар авлоди бор. Ана шундай касбни давом эттириб келаётган пичоқчиларнинг олтинчи авлоди Иброҳим Мирзаев 18 ёшидан буён пичоқчилик билан шуғулланади. У фарзандларига заргарлик, ёғоч ўймакорлиги ҳунарини ҳам ўргатган. Устазодаларнинг еттинчи авлоди кўп қиррали ҳунарманд бўлишни хоҳлайди.
 
Файзли майдон бўйлаб айланар экансиз, юртимиз ҳудудларига хос бўлган миллий ҳунармандчилик намуналари, қадрият ва анъаналар билан юзма-юз бўласиз.
 
“Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда 30 дан зиёд хорижий давлатдан олимлар, мутахассислар, мартабали фахрий меҳмонлар, маданият ва туризм соҳаси намояндалари, юртимизда ва хорижда фаолият кўрсатаётган ҳунармандчилик ва амалий санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, санъатшунослар, музейшунослар, ҳунармандлар иштирок этмоқда.
 
Фестиваль давом этмоқда.
 

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, Сайёра ШОЕВА, Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться