Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Грузия ташқи ишлар вазирлари учрашуви тўғрисида
2019-09-12 | Сиёсат
2019 йилнинг 11 сентабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Грузия Ташқи ишлар вазири Давид Залкалиани билан учрашди.
Учрашув аввалида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки мамлакат тарихидаги муҳим сана - Ўзбекистон ва Грузия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табрикладилар.
Мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидланди.
Вазирлар икки томонлама ҳамкорлик институтлари фаолиятини ва турли шакллардаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлигини қайд этдилар. Таъкидланганидек, қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар ва ишбилармон доираларнинг ташаббуслари билан жорий йилнинг 7 ойида ташқи савдо айланмаси 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 80%дан кўпроқ ўсишга эришилди.
16 июлда бошланган Ташкент ва Тбилиси ўртасидаги авиақатновлар икки мамлакат тадбиркорлари учун тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга янги имкониятлар очади ҳамда илмий-техник ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга имкон беради.
Учрашувда долзарб халқаро масалалар, жумладан БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Музокараларда Грузия Элчиси Зураб Абдушелишвили ҳам иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги