Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эндиликда тиббиёт тизимида 59 та коллеж ҳамда 16 та техникум фаолият олиб боради
2019-09-10 | Таълим
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим сифатини яхшилаш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, халқаро стандартларни юртимиз таълим тизимига жорий этиш ҳамда инновацион илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, 2019 йил 6 сентябрь куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ҳам айни шу мақсадга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Унга мувофиқ, юртимизда профессионал таълим дастурлари нуфузли халқаро ташкилот – ЮНЕСКО томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО) даражалари билан уйғунлашган ҳолда илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштирилади. Хусусан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади. Бу орқали меҳнат бозори учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрланиб, иш берувчилар кенг жалб қилинади.
Фармонга асосан, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларига Халқаро таснифлагич бўйича асосий таълим дастурларидан ташқари қуйи даражадаги таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилди. Унга кўра, тизимда мос равишда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади.
Ушбу Фармондан келиб чиққан ҳолда айни пайтда соғлиқни сақлаш тизимидаги 78 та тиббиёт коллежлари негизида ўрта профессионал таълим босқичида – 59 та коллеж, ўрта махсус профессионал таълим босқичида – 16 та техникум жорий этилиши белгиланди. Қолган учта коллеж эса тугатилади.
Ўрта профессионал таълимга йўналтирилган 59 та коллежда камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги таълим шаклида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Ўрта махсус профессионал таълим босқичидаги 16 та техникумда эса кадрлар тайёрлаш камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги таълим шаклида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида тайёрланади.
Қувонарлиси, ушбу техникумларда ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
Тиббиёт йўналишида 2020/2021 ўқув йилида ташкил этиладиган техникумлар рўйхати қуйидаги тартибда бўлади:
1-Республика тиббиёт коллежи, Сиёб тиббиёт коллежи, Нукус-1 тиббиёт коллежи, Денов тиббиёт коллежи ҳамда 2-Марғилон тиббиёт коллежлари Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида;
2-Республика тиббиёт коллежи, Шаҳрисабз тиббиёт коллежи, Наманган-1 тиббиёт коллежлари Педиатрия тиббиёт институти ҳузурида;
Қарши тиббиёт коллежи ва Урганч тиббиёт коллежи Стоматология институти ҳузурида;
Бухоро тиббиёт коллежи ва Қоракўл тиббиёт коллежлари Бухоро тиббиёт институти ҳузурида:
Самарқанд таянч тиббиёт коллежи ва Ургут тиббиёт коллежи Самарқанд тиббиёт институти ҳузурида;
Андижон тиббиёт коллежи ва Бўз тиббиёт коллежлари Андижон тиббиёт институти ҳузурида техникум сифатида қайта ташкил этилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги