Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегацияси Жаҳон ирригация форумида қатнашмоқда
2019-09-07 | Жамият
2019 йилнинг 1–7 сентябрь кунлари Индонезиянинг Бали оролида III Жаҳон ирригация форуми ҳамда Халқаро ирригация ва дренаж комиссиясининг 70-Халқаро ижроия кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда Сув хўжалиги вазири, Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси раиси Ш.Хамраев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси 1950 йилда ташкил этилган бўлиб, ташкилот штаб квартираси Нью-Деҳли шаҳрида жойлашган. У давлатлар ўртасида сув ресурсларидан фойдаланиш, суғориш, ирригация ва дренаж соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илмий-техник ютуқлардан самарали фойдаланиш ва илғор тажрибаларни амалиётга жорий этишни тарғиб қилувчи илмий-техник ва нодавлат ташкилот ҳисобланади.
Халқаро ирригация ва дренаж комиссиясининг вазифалари унинг миллий қўмиталари орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон 1993 йилда ташкилот аъзолигига қабул қилинган бўлиб, 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси ташкил этилган.
Халқаро ирригация ва дренаж комиссиясининг 70-Халқаро ижроия кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, минтақадаги давлатлар билан сувдан самарали фойдаланиш бўйича иккитомонлама ва кўптомонлама ҳамкорлик истиқболлари, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, Орол фожиасининг минтақа ва дунё экологик муҳитига таъсири ҳақида нутқ сўзлади.
Ижроия кенгаши аъзолари ва йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон ҳукумати томонидан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация ва дренаж соҳасида амалга оширилаётган ишларга юқори бердилар.
III Жаҳон ирригация форуми доирасида Ўзбекистон делегацияси Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси президенти Феликс Б.Рейдерс ва ташкилот Бош котиби Ашвин Б.Пандя билан музокаралар ўтказди.
Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси президенти Феликс Б.Рейдерс Ўзбекистонда бевосита Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, минтақа давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этди.
Музокараларда Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик муҳокама қилиниб, сув хўжалиги соҳасида илмий-техник ютуқлардан фойдаланиш ва инновацион янгиликларни амалиётга жорий қилиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги